Йиғилишда туристлар Ўзбекистонга келгандан сўнг яшаш жойи бўйича 3 кун ичида рўйхатдан ўтиши зарурлиги уларга ноқулайлик туғдираётгани қайд этилди.
Бироқ, соҳа ривожи учун ғўв бўлаётган ҳолатлар ҳамон йўқ эмас. Сайёҳ ким, у Ўзбекистонга диёрига нима учун келади? Кимдир ўқиш, кимдир тиббиёт, кимдир шунчаки саёҳат мақсадида Ўзбекистонга йўл олади. Улар Ўзбекистонга келгач, 3 кун ичида вақтинча яшаш жойидан рўйхатдан ўтиши билан боғлиқ ортиқча сарсонгарчиликлар эса сайёҳнинг шаштини тушуради, мамлакат ҳақидаги тасаввурларини ўзгартиради. Устига-устак саёҳат учун ажратилиши керак бўлган вақт қоғозбозликка сарфланади.
Кеча, 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида хорижий туристлар оқимини кўпайтириш ва ички туризмни янада ривожлантириш, сайёҳлик хизматларини яхшилаш ва турларини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чоралар натижадорлиги юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда туристлар Ўзбекистонга келгандан сўнг яшаш жойи бўйича 3 кун ичида рўйхатдан ўтиши зарурлиги уларга ноқулайлик туғдираётгани қайд этилди. Сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.
Шу боис рўйхатга олиш тизимини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, бу масалани ички ишлар идоралари, меҳмонхоналар, даволаш муассасалари, хусусий уйлар ва шу каби жойлаштирувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг мажбурияти сифатида белгилаш, туристларни бундай ташвишдан холи қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.