Президент фармони ижросини таъминлаш мақсадида меҳмонхоналар меҳмонларни янги дастур ёрдамида рўйхатга олади.
Хабарда айтилишича, йиғилишда 2 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида туризмни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинганлиги таъкидланиб, республикадаги меҳмонхоналарга жойлашаётган хорижий, фуқаролиги йўқ ва Ўзбекистон фуқароларини электрон ҳисобини юритиш масаласи кўрилди. Меҳмонлар рўйхати “E-Mehmonxona” автоматлаштирилган дастурига киритилиши, бу эса ортиқча оворагарчилик ва қоғозбозликдан воз кечишнинг самарали усули экани таъкидланди.
Йиғилишда рўйхатга олиш китоблари, ҳисоботлар ва бошқа шу турдаги маълумотларни бекор қилиш вазифаси белгиланди.
Маълумот учун, “E-Mehmonxona” электрон дастури Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасининг ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасида Туризмни ривожлантириш қўмитаси ҳамкорлигида яратилган.