Гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган оғуфуруш ушланди.
24 октябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан Миробод тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, фуқаро Акмал Аъзамжонович Эргашев тўхтатиб текширилганда, унинг ёнидан оғирлиги 1,26 грамм бўлган “марихуана” гиёҳвандлик воситаси аниқланиб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 276-моддаси 1-қисми (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда сақлаш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган.
Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўз вақтида олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида, гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сотиш билан шуғулланиб келган манбаси “Ислом” исмли шахс аниқланиб, уни ушлаш мақсадида тадбир ўтказилиши режалаштирилган.
Мазкур тезкор тадбир давомида, ходимлар томонидан Тошкент шаҳар Учтепа туманида истиқомат қилувчи, 1972 йилда туғилган Ислом Умарович Соқиев ушланиб, унинг яшаш хонадони текширилган вақтда, уйида гугурт қутиларга ҳамда шиша банкаларга солинган, сотиш мақсадида сақлаб келаётган умумий оғирлиги 208,53 грам бўлган “марихуана” гиёҳвандлик воситаси аниқлаб олинган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.