...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бу йўл икки баҳор, икки ёз, уч ҳокимни кўрди. Ёхуд Олмазорда Президент юрмаган йўлларнинг аҳволи қандай?


15:29, 20.06.2018 Жамият
 6 498

Президентнинг “Табассум” маҳалласига йўли Ёшлик талабалар шаҳарчаси, Талабалар, Мухбир ва Тансиқбоев кўчалари орқали тушганди. Ўша вақтлар юқорида номлари келтирилган кўчалардаги автомобиль йўллари рисоладагидек таъмирланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил апрель ойида Олмазор туманига амалга оширган ташрифини эслайсизми? Давлат раҳбари тумандаги “Табассум” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, маҳалла фаоллари, оқсоқоллар билан суҳбатлашган эди.
 
Президентнинг “Табассум” маҳалласига йўли Ёшлик талабалар шаҳарчаси, Талабалар, Мухбир ва Тансиқбоев кўчалари орқали тушганди. Ўша вақтлар юқорида номлари келтирилган кўчалардаги автомобиль йўллари рисоладагидек таъмирланди. Дарахтлар оқланиб, кўчалар обод қилинди. Мухбирга туташган Қора қамиш кўчасидаги автомобиль йўлида ҳам таъмир ишлари бошланди, эски йўл қопламаси буткул олиб ташланди, шағал ўрнига йирик тошлар ётқизилди. Негадир бу кўчадаги таъмир ишлари бирдан тўхтаб қолди. Бу орада Президент туманга ташриф буюрди. Аслида Қора қамиш кўчаси ҳам Президент кортежи ўтадиган йўлга шундоққина туташ эди.


 
Шу-шу 2017 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олмазор туманига ташрифи олдидан Мухбир кўчасига туташ Қора қамиш кўчасида бошланган таъмирлаш ишлари чала қолди. Президентнинг туманга ташрифи якунида Олмазор тумани ҳокими Баҳодир Ғоибназаров ишдан олинди. Унинг ўрнини бир вақтлар Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида фаолият юритган Абдуқаҳҳор Тўхтаев эгаллади. Хабарингиз бор, Тўхтаев жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири лавозимига тайинланди. Бироқ, Олмазорда бошланган ишлар Тўхтаев даврида ҳам чалилигича қолди.


 
Бу йўлдан кунига минглаб автомобиллар ўтарди. Ўтарди дейишимизнинг ўзига яраша сабаблари бор. Йўлнинг ҳолидан хабардор, автомобилини аяганлар бошқа йўлдан юришга ҳаракат қилади. Аммо уйи, ишхонасига бошқа йўлдан боришнинг иложини топа олмаганлар ҳокимлардан чала қолган ва ҳалигача ечимини топмаган бу муаммоли йўлни босиб ўтишга мажбур. Бир йилдан ошиқ вақт ўтди. Тўрт фасл ўзгарди, бир қиш, бир кузни кўрди бу йўл. Ёғингарчиликдаги ҳолатни тасаввур қиляпсизми?
 
“Аслида бу йўлнинг эски авҳоли бугунгисидан анча яхши, халқ тилида айтганда, “ўлса, ўлиги ортиқ” эди. Қишни ҳеч шикоятсиз ўтказдик. Баҳор келса, кунлар исигач, асфальт ётқизилса, кўчаларимиз обод қилинса керак, деб ўйладик. Ёзнинг ярми ўтди ҳамки, асфальтдан дарак йўқ. Аксинча, кўчанинг у бошидан ариқ қазиб, тупроғини йўл бўйича чиқариб қўйишган. Атроф чанг-тўзон. Шу мени маҳаллам, дейишга ҳам уяласан”, дейди шу кўчага яқин кўп қаватли уйда истиқомат қилувчилардан бири.  


 
Сизнингча, туман ҳокимлиги вакиллари бу йўлдан юрмайдими? Юради, юргандаки... Биз тасвирга олиш учун мазкур кўчага бордик. Автомобиллар амал-тақал, эҳтиёткорлик билан ҳаракатланарди. Пойтахтнинг энг номи чиққан туманидаги бу аҳволни кўриб, ёқангни ушлайсан, киши. Ё бу республиканинг тоғли туманларидагилар нолимасин деб, “мана, бизда ҳам бор бундай йўллар” қабилида ташкил этилган “намуна”ми?


 
Бу йўл таъмири бошлангандан буён Олмазор учинчи ҳокимни кўряпти. Собиқ ҳоким, ҳозирги Қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев 1 йиллик фаолияти давомида қуриб, йўғ-е таъмирлаб битказолмаган бу йўлни янги ҳоким Бахтиёр Раҳмоновнинг ўзи бош-қош бўлиб асфальт ётқизса, ажаб эмас. Бунинг учун Президентнинг Қора қамишга ташрифини кутишнинг ҳожат йўқдир!..

Теглар:Олмазор Абдуқаҳҳор Тўхтаев Бахтиёр Раҳмонов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар