Депутат талабаларнинг тўлов-контракт тўлаши масаласида аниқ таклифларни билдириб ўтган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров олий таълим муассасаларидаги контракт тўловини тўлашда қулай имкониятлар яратиш ҳамда тўлов миқдорини камайтириш таклифини илгари сурди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилмоқда.
Депутат тўлов-контракт масаласида қуйидагиларни маълум қилган:
Депутат тўлов-контракт масаласида қуйидагиларни маълум қилган:
- талабаларга стипендия тўламасдан, харажатларнинг камайиши ҳисобига, барча таълим йўналишлари бўйича бир ўқув йили учун тўлов-контракт маблағлари миқдорини ўртача энг кам иш ҳақининг уч баробари (тахминан 510 минг сўм) миқдорида камайтириш;
- ўқув йилининг навбатдаги ярим йили бўйича стипендия тайинланган ҳар бир ой учун стипендиянинг энг кам иш ҳақининг бир ёки бир ярим баробаридан ортиқча қисми билан тўлов-контрактни тўлаш тартибини йўлга қўйиш.
Депутат бу тадбир ўқув йили учун контракт тўловини 1,6 миллион сўмдан 4,5 миллион сўмгача камроқ тўлаш имконини беришини таъкидлаган.
Шунингдек, ушбу таклиф лойиҳасида, тўлов-контракт шартномаси асосида қабул қилинган энг кўп балл тўплаган талаба ҳам, энг кам балл тўплаган талаба ҳам бир хил миқдорда тўлов-контракт маблағини тўлаётгани натижасида абитуриентларнинг юқори балл тўплашга бўлган интилишларининнг камайишига олиб келаётганлиги сабабли ОТМга талабалар қабулини табақалаштирилган тўлов-контракт асосида амалга ошириш таклиф этилмоқда.
Масалан, тўплаган баллига қараб 100 нафар талабадан дастлабки 12 нафари тўлиқ давлат гранти ассосида, кейинги 12 нафари тўлов контракт миқдорининг 35 фоизини ёки 2 миллион 538 минг сўм, кейинги 12 нафари тўлов контракт миқдорининг 60 фоизини ёки 4 миллион 350 минг сўм, навбатдаги 12 нафари эса тўлов контракт миқдорининг 80 фоизини ёки 5 миллион 800 минг сўм, қолган 52 нафар талаба эса тўлов контракт миқдорини тўлиқ яъни, 7 миллон 250 минг сўмини тўлайди.
Агар таклифнинг контракт тўловини камайтириш бўйича билдирилган қисми инобатга олинса, юқоридаги контракт тўлови миқдорлари яна ҳам камаяди.
Таъкидланишича, ушбу таклиф қўллаб-қувватланган тақдирда абитуриентларнинг юқори балл олиш учун билимли бўлишлари янада рағбатлантирилади.
Бундан ташқари, тўлов-контракт маблағларини тўлашда фуқароларга тушадиган юк камаяди.
Тўлов-контрактдан тушадиган маблағ эса умумий маблағга нисбатан жами 0,5 фоизга, яъни 6 млрд. сўмга яқин миқдорда ортади ҳамда тўлов-контракт пулини 100 фоиз тўлайдиган талабалар сонини 20 фоиз камайтиришига эришилади.
Икром Раҳмон