Қадимий қадамжолар ва иморатлар ёмғир натижасида сувга ботиб зарар кўрмоқда.
Ушбу суратларга нисбатан ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз фикрларини билдирган.
Айримлар бунда мутасадди ташкилотларнинг айби борлигини, улар бу ишга масъуллигини таъкидлашса, бошқалар тарихий обидаларга зарар етмасдан сақланиши учун шаҳар ҳокими жавобгарлигини айтишмоқда.
Бошқа бир фойдаланувчи бу расмлардаги бино Бухородаги хонлик даврида қурилган Чор Минор эканлигини ва ҳар йили ёмғир ёғиши натижасида унинг атрофи сувга тўлиб кетишини ёзиб қолдирган.
Бир йил аввал ҳам Бухородаги қадимий бинолардан бири, хусусан, Чор Минор ва унинг атрофи ёмғирда кўллаши билан боғлиқ ҳодисаларга муносабатлар билдирилган эди. Бу ҳақда хабар бериб ўтган эдик.
Шу ўринда бир фойдаланувчи ўринли савол берган:
“Тассавур қилинг, юртимизга зиёрат туризими бўйича туристлар келишди, ёмғир ёғиб қолди. Бу аҳволни кўрган, бу сувлар орасида қолиб кетган туристлар, хаттоки бизни ватанимизга таниш-билишларини олиб келиш ўрнига ўзи ҳам келмаса керак!
Мутасадди ташкилотларга мурожат қилсак хар доимгидек бир гап: “биз бюджет ташкилоти бўлганлигимиз сабабли МФЙ билан ўзингиз масалани ҳал этишингиз мақсадга мувофиқ”, деган жавоб келади!”, дейди.
Мазкур мавзуда ўз фикрларини билдирганлардан бири бу муаммо бошқа мамлакатларда ҳам кузатилишини ёзган:
“Дубайда ҳам ер ости канализацияси йук! Ёмғир ёғса, юриб бўлмайди. Ҳеч қиси йўқ, Бу муаммонинг ечими вақти келиб топилади.
Ҳаттоки, Париж шаҳрида ҳам бунақа табиат инжиқликларини бартараф қилишга ҳукумат қийналади. Бу иш билан МЧС шуғулланиши шарт!”.
Қадимий иншоотларнинг сувга ботиб турган расмларига изоҳ қолдирган фойдалаувчилар тўпланган сувни ички ариқлар воситасида чиқариб юбориш кераклигини илгари суришган.
Аммо шаҳардаги вазиятдан хабардорлар бунга қўшилмаган ҳолда сел ва ёмғирда сув кетадиган ариқлар ахлатларга тўлиб қолганини, айрим ариқларнинг йўналишига дўконлар қурилганидан ариқ ўрни билинмай кетганини маълум қилишган.
Бухоро тарихий қадамжоларга бой маскан сифатида Ўзбекистоннинг фаҳри бўлиши ва туризмнинг ўчоғига айланиши керак бўлган бир пайтда ёмғир ёғиши натижасида қадимий биноларнинг зарар кўрмаслиги учун мутасаддилар қолиб, биринчи галда оддий халқ қайғурса, қанчалик тўғри бўлади. Зеро, одамларнинг фикрига кўра, бундай ҳолатлар анчадан бери кузатилади.
Нима бўлганда ҳам олдимизда ёмғирлдар фасли бўлган баҳор турибди. Ҳечдан кўра кеч деганларидек, мутасаддилар бу муаммони тезроқ ҳал қилишса, мақсадга мувофиқ бўларди.