Юқоричирчиқ туманида 4 нафар йигит “Матиз” русумли автоулов юкхонасидан 6,0 млн сўм...
Чиноз туманида эр-хотиннинг жанжали оғир тан жароҳати етказишгача боргани, аниқроғи аёл ўз эрини пичоқлаб қўйгани ҳақида Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси хабарига таяниб маълумот бергандик.
Қуйида жиноят ишлари тафсилотларидан айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Бекобод шаҳрида. 2014 йилнинг апрель ойидан Тошкент шаҳрида яшовчи, 1995 й.т., Сайдали Абудуҳолиқов (келтирилган исм-фамилиялар ўзгартирилган) алдаш йўли билан Бекобод туманида яшовчи, хусусий меҳнат тури билан шуғулланувчи, 1995 й.т, Маҳмудали Яшнаровнинг ишончини суиистеъмол қилиб, “Малайзия давлатидаги олийгоҳга ўқишга жойлаштириш учун ҳужжатларни топширишда ёрдам бераман” деб алдаб, ундан 1.500 АҚШ долларини олиб, шу кунга қадар “ўқишга жойлаштирмай”, пулини ҳам қайтариб бермаган.
Ушбу ҳолат юзасидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ишлари олиб бормоқда.
Юқоричирчиқ туманида. Туман ИИБга 30 октябрь куни Фарғона вилоятида яшовчи, 1970 й.т., Жаббор Шерматов (келтирилган исм-фамилиялар ўзгартирилган) ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида жорий йилнинг 30 октябрь кунига ўтар кечаси номаълум шахс, ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, эшигини темир сим билан очиб, Юқоричирчиқ туманида жойлашган “Автоуловларни ювиш шахобчаси” олдида турган унга тегишли “Матиз” русумли д/р 40 Н 361 АА автоулови юкхонасидан 6.000.000 сўм пулларини ўғирлаганлигини маълум қилган.
Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу жиноятни Юқоричирчиқ туманида яшовчи, 1990 й.т., Сардор Матёқубов, 1999 й.т., Алишер Орипов, 1995 й.т., Комрон Ботиров ва 1999 й.т., Беҳзод Даллиевлар содир этганликлари аниқланиб, гумондорлар ушланди.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Ашёвий далил сифатида 4.200.000 сўм пуллар олинди.
Ҳозирда тергов ишлари олиб бормоқда.