2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун ҳимоянинг қўшимча даражаларига эга янги намунадаги аксиз маркалари жорий этилмоқда.
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 7 ноябрдаги “Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-505-сонли қарорига мувофиқ ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва сотилишига йўл қўймаслик юзасидан назоратни янада кучайтириш мақсадида қабул қилинди.
Мазкур қарорга асосан, 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб алкоголь ва тамаки маҳсулотларига дизайни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган, ҳимоянинг қўшимча даражаларига эга янги намунадаги аксиз маркалари жорий этилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси хабар берди.
Қарорда белгиланганидек, эски намунадаги аксиз маркалари билан маркаланган ҳамда улгуржи ва чакана савдо тармоғидаги алкоголь ва тамаки маҳсулотлари янги намунадаги аксиз маркалари жорий этилган кундан бошлаб тўққиз ой ўтгач, маркаланмаган деб ҳисобланади ва белгиланган тартибда олиб қўйилади.
Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Давлат божхона қўмитасига 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб эски намунадаги аксиз маркалари билан маркаланган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини аниқлаш, уларнинг олиб кирилиши, ишлаб чиқарилиши ҳамда улгуржи ва чакана савдо тармоғида сотилишининг олдини олиш, шунингдек, ушбу маҳсулотларни белгиланган тартибда олиб қўйиш чора-тадбирларини кўриш вазифаси топширилган.