Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 344 қонунбузарлик ҳолатида қиймати 1 млрд. сўмдан зиёд салкам 58 минг дона косметика ва парфюмерия ваоситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
Парфюмерия ва косметика воситаларининг ноқонуний олиб ўтилиши, бу каби маҳсулотлар таркибида кимёвий моддалар жуда катта миқдорни ташкил қилиши, шунингдек, контрафакт нусхаларининг ёйилишига қарши доимий равишда керакли чора-тадбирлар кўрилади. Чунки бундай парфюмерия ва косметика маҳсулотлари инсон саломатлигига катта зарар етказади.
Шунга қарамай, сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган бу каби товарларни олиб ўтишга уринишлар кўзга ташланмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари “Челябинск-Тошкент” йўналиши бўйича кириб келган йўловчи поездида бир қатор хорижий шахсларнинг божхона қоидабузарликларини фош қилишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар қилди.
Россиялик Н.Горкуша, Б.Сеидов, А.Муртазин ва Н.Романюк республикамизга кириб келишар экан, йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, қиймати 27,2 млн. сўмлик 1000 донадан ортиқ косметика ва парфюмерия воситаларини олиб киришга уринган пайтида тўхтатиб қолинди.
Шунингдек, мазкур постда “Алмата-Нукус” йўналишидаги йўловчи поезди орқали кириб келган қўшни давлат фуқароси Ж.Усманов умумий қиймати, дастлабки маълумотларга кўра, 21 млн. сўмдан ортиқ 7 турдаги атирларни ноқонуний равишда олиб киришга урингани фош қилинди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари почта жўнатмалари орқали ҳам косметика ва парфюмерия воситаларининг ноқонуний равишда жўнатилишига доир бир нечта қонунбузарлик ҳолатларини аниқлади.
Туркиядан тошкентлик Н.Ярматов номига юборилган почта жўнатмаси ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда унда йўл-юк ҳужжатларида кўрсатилмаган қиймати 7,5 млн. сўмлик 75 дона парюмерия воситалари борлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Туркиядан 7 нафар фуқаро номига юборилган почта жўнатмалари ўрнатилган тартибда кўздан кечирилганда, ушбу жўнатмаларнинг ҳар бирида автомобиль салонлари учун мўлжалланган деярли бир хил миқдор ва қийматдаги жами 16 минг 500 дона хушбўй пуркагичлар борлиги аниқланди.
Бу эса ушбу жўнатмалар шахсий фойдаланиш учун эмас, балки тижорат мақсадлари учун кўзланганини англатади. Йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган мазкур товарларнинг умумий қиймати салкам 50 млн. сўмни ташкил қилар экан.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Рақамларга мурожаат қилсак, республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 344 қонунбузарлик ҳолатида қиймати 1 млрд. сўмдан зиёд салкам 58 минг дона косметика ва парфюмерия ваоситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.