...
МЕНЮ
ONLINE TV

Академик лицей ўқитувчилар имтиҳони: саволлар 40 та бўлади


13:03, 18.08.2017 Жамият
 3 198

Академик лицейларнинг ўқитувчи лавозимига ўтказиладиган танлов шартлари ва талаблари белгиланди.

Ўзбекистондаги академик лицейларга ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда “norma.uz” сайти хабар берди.
 
Низом барча академик лицейларга уларнинг қайси ташкилотга мансуб бўлишидан қатъий назар татбиқ этилади.
 
Академик лицейларнинг ўқитувчи лавозимига ўтказиладиган танловда қуйидаги талаблар белгиланган бўлиб, унга кўра номзод олий маълумотли ва камида 5 йил узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлиши зарур.
 
Соатбай ҳақ тўлаш шартларида жалб этиладиган ўқитувчилар танловда иштирок этмаган ҳолда ишга олинади.
 
Лицейларда ўқитувчи лавозими бўшаган кундан бошлаб 10 кун ичида бўш ўқитувчи лавозимига танлов ўтказиш тўғрисида ОАВда, шунингдек, лицейнинг сайтида (агар мавжуд бўлса) эълон берилади.
 
Низомда номзодлардан ҳужжатларни қабул қилиш муддати ОАВда эълон берилган кундан бошлаб 20 кун қилиб белгиланган.
 
Номзодлар танловда иштирок этиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
 
- лицей директори номига ариза;
 
- паспорт нусхаси (ҳужжатларни топшириш вақтида паспортнинг асл нусхаси кўрсатилади);
 
- олий маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси;
 
- меҳнат дафтарчасининг нусхаси;
 
- 3,5 x 4,5 см ўлчамдаги 4 дона рангли фотосурат.
 
Ҳужжатларни топширган номзодларнинг сони 1 нафардан ошмаса, танлов ўтказилмайди ва лицей танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонни қайтадан беради.
 
Танлов 2 босқичда – тест ва суҳбат шаклида ўтказилади.
 
Танлов ҳужжатларни қабул қилиш тугагандан кейин 10 кун ичида ва ҳар бир босқич бўйича алоҳида кунларда ўтказилади.
 
Танлов бўлиб ўтадиган куни ва вақти ҳақида у ўтказилишидан камида 3 кун олдин номзодларга хабар берилади ва бир вақтнинг ўзида лицейнинг эълонлар тахтасига осиб қўйилади, шунингдек, лицейнинг сайтида жойлаштирилади.
 
Номзодга 40 та тест саволи берилади ва 2 соат вақт ажратилади. Тест натижалари у ўтказилган кунда номзодларга эълон қилинади. 55 баллдан юқори балл тўплаган номзодлар тестдан муваффақиятли ўтган ҳисобланади ва улар танловнинг кейинги босқичига қўйилади.
 
Суҳбат бўш ўқитувчи лавозимининг мутахассислиги ва педагогика бўйича савол-жавоб шаклида ўтказилади. Саволлар билетида 5 та савол бўлиб, тайёрланиш учун 20 дақиқа вақт берилади. Суҳбат натижалари у якунлангандан сўнг номзодларга эълон қилинади. Ўртача арифметик балли “60” баллдан кам бўлган номзод суҳбатдан ўтмаган ҳисобланади. Суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодлар лицейнинг ўқитувчиси лавозимига тавсия этилади.
 
Танловга келмаган номзодлар учун қўшимча танлов ўтказилмайди.
 
Танлов натижасидан норози бўлган номзодлар танлов натижаси эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида апелляция бериши мумкин. Апелляцияни кўриб чиқиш муддати ҳам, 24 соат, деб белгиланди.
Зоҳиршоҳ Жўраев 

Теглар:Академик лицей Ўқитквчиларни қабул қилиш Тест синови 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар