...
МЕНЮ
ONLINE TV

26-27 март кунлари Тошкентда нима бўлади? Президент Матбуот котиби аниқлик киритди


11:16, 22.03.2018 Жамият
 6 067

Мазкур конференция ишида бир неча йиллардан буён терроризм ўчоғи бўлиб келаётган Афғонистон масаласи муҳокама этилади.

Жорий йилнинг 26-27 март кунлари бутун дунёнинг энг кучли сиёсатчилари нигоҳи Ўзбекистонга қаратилади. Боиси шу кунларда пойтахт Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтади.
 
Мазкур конференция ишида бир неча йиллардан буён терроризм ўчоғи бўлиб келаётган Афғонистон масаласи муҳокама этилади.


 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот котиби Комилжон Алламжонов ушбу муҳим тадбир юзасидан ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали маълумот берди.


 
“Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги конференция халқаро доирада катта қизиқиш уйғотди. Чунки, бу конференция нафақат минтақамиз, балки бошқа ҳудудларга ҳам таъсир ўтказаётган Афғонистон масаласига бағишланган.
 
Ушбу халқаро анжуман 26-27 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Унда 20 дан ортиқ давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар делегациялари иштирок этади.
 
Жумладан, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини Тошкентга келади.
 
АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Жавад Зариф, Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Асиф ҳам конференцияда қатнашишини тасдиқлаган.
 
Шунингдек, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Япония, Туркия, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар делегациялари қатнашиши режалаштирилган”. 

Теглар:Комилжон Алламжонов Халқаро конференция Афғонистон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар