Барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар тасдиқланди.
Қарор билан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар тасдиқланди ҳамда уларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигинг Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” канали маълум қилди.
Мазкур Кенгаш Миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича масъул вазирлик ҳамда идораларнинг самарали ишларини ташкил этади, шунингдек ушбу мақсад ва вазифаларнинг тармоқ, минтақа ва мақсадли ривожлантириш дастурлари, стратегиялар ва концепцияларга киритилишини таъминлайди.
Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи вазифасини Иқтисодиёт вазирлиги бажаради.
Қарор билан тасдиқланган Миллий мақсад ва вазифалар ўзида 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасида жами 17 та мақсад ва улар доирасида амалга ошириладиган вазифаларни қамраб олган.
Жумладан, амалга ошириладиган тадбирлар натижасида 2030 йилгача Ўзбекистонда ўта қашшоқликни тугатиш, кам таъминланган аҳоли сонини ҳозиргига нисабтан икки бараварга камайтириш режалаштирилган.
Соғлом турмуш тарзини таъминлаш мақсадида эса аҳоли ўртасида юрак-томир, онкологик, қандли диабет ва сурункали респиратор касалликлар туфайли бевақт ўлимлар сонини 30 фоизга қисқартириш, шунингдек 2025 йилгача йўл-транспорт ҳодисалари сонини икки бараварга қисқартириш режалаштирилган.
Шунингдек, умумқамровли ва сифатли таълимни таъминлаш ҳамда барчага бутун умри давомида таълим олиш имкониятини рағбатлантириш мақсади бўйича 2030 йилгача ўқитувчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш орқали ўқитувчилар сонини жиддий равишда кўпайтириш мўлжалланган.