Божхона пости орқали олиб ўтилаётган юклар қиймати аслида 27 минг АҚШ долларилик 21 тоннадан ортиқ товарлар бўлиши лозим эди...
Шунга қарамай республикага олиб кирилаётган товар-моддий бойликларнинг божхона расмийлаштирувини амалга ошириш чоғида божхона тўловларидан бўйин товлаш мақсадида божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга бўлган уринишлар кўзга ташланмоқда.
Яқинда аёллар косметик маҳсулотларини божхона тартиб-қоидаларини бузган ҳолда олиб киришга уринган тартиббузар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти божхона бошқармасининг Ахборот хизмати таҳририятимизга йўллаган мактубида маълум қилган.
Бухоро вилояти божхона бошқармаси “Олот” чегара божхона комплекси ходимлари томонидан хорижий фуқаро С.Мехмет бошқарувида Туркиядан божхона постигача етиб келган юк автотранспорт воситаси ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, навбатдаги божхона қоидабузарлиги фош бўлди.
Йўл-юк кузатув ҳужжатларига кўра, Тошкент шаҳридаги “Perfect Leather Manufacture” МЧЖ номига келтирилаётган юклар аслида қиймати 27 минг АҚШ долларини ташкил қилувчи 21 тоннадан ортиқ товарлар бўлиши лозим эди.
Аммо, божхона кўриги давомида контейнердаги товарлар билан йўл-юк кузатув ҳужжатларидаги маълумотлар ўртасида тафовут мавжудлиги аниқланди.
Содда қилиб айтганда, мазкур товарлар ҳужжатлардагидан кўра ортиқча миқдорда эканлиги маълум бўлди.
Ҳисоб-китобларга кўра йўл-юк кузатув ҳужжатларидан қайд этилмаган аёллар косметик маҳсулотларининг умумий қиймати 140 млн.ортиқ сўмни ташкил қилди.
Улардан давлат бюджетига 65 млн. сўм божхона тўловлари тўланиши лозим бўларди.
Ҳозирда ушбу товарлар вақтинча сақловга олиб қуйилди ва мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Божхона текширувлари хулосасига кўра амалдаги тартибни бузган шахслар тегишли тартибда жавобгарликка тортилади.
Бу борада рақамларга мурожаат қилсак, 2017 йил давомида Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан божхона кўриги давомида 73 та ҳолатда юк кузатув ҳужжатларда кўрсатилмаган, 5 млрд. сўмлик товар моддий бойликлар олиб кирилаётганлиги аниқланди.