Энг юқори балл тўплаган ходимларга ойлик маошининг икки баробаргача бўлган қийматда йилда бир марта мукофот пули берилади.
Янги тизим тиббиёт масканларининг илк тиббий-санитария ёрдам фаолиятини, шунингдек, тиббиёт ходимларининг ишини баҳолаш учун қўлланилади. Тизим 4 та асосий босқичдан иборат бўлади.
Биринчи босқичда шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг вазифаларини тўлиқ бажариш кўрсаткичлари баҳоланади. Иккинчи босқичда кўрсатилган хизмат сифати ва натижаси, шунингдек, тиббиёт муассасасининг салбий кўрсаткичлари баҳоланади.
Учинчи босқичда мутахассислар тўпланган балларни ҳисоблаб, шифокорларга нисбатан рағбатлантириш ёки жазолаш чораларини белгилайдилар. Якуний босқичда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундай тиббиёт муассасалари раҳбарларини аттестациядан ўтказиш бўйича қарор чиқаради.
Рейтинг баҳолаш тизими йилига 2 марта ўтказилади. Уни аниқлашда ҳисобот ҳужжатлари ўрганиб чиқилади. Бунинг учун эса махсус мониторинг гуруҳи ташкил этилади.
Патронаж ҳамширалар ва шифокорлар белгиланган миқдордан 85 фоиз ва ундан юқори балл тўплашса, ойлик маошларига қўшимча 5 фоиздан 20 фоизгача бўлган миқдорда устама ҳаққи оладилар.
55 фоиздан кам миқдорда балл тўплаган ходимларга қонун ҳужжатларида белгиланганидек интизомий чоралар қўлланилади.
Энг юқори балл тўплаган ходимларга эса ойлик маошининг икки баробаргача бўлган қийматда йилда бир марта мукофот пули берилади.