“Озодлик”нинг ёзаётганлари ортида аниқ мақсад, муддао борми ўзи? Агар мақсад халқни давлат идоралари, хусусан, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига қарши қайраш бўлса, бундан халқ нима манфаат топади?
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев сўзга чиқар экан, “Озодлик” сайтида чоп этилган мақолага эътиборини қаратиб, раддия берди.
Куни кеча “Озодлик” сайтида 2010 йилдан бошлаб, Ўзбекистон бўйлаб қора ниқоблилар шоуси (маска шоу) кучайиб бориб, тадбиркорларни қаттиқ қўрқувга солаётгани ҳақидаги беўхшов мақола чоп этилган.
Унга кўра, жорий йилнинг 3 март куни Тошкент шаҳри Чилонзор туманида жойлашган “Jizzakh city” кафесига Ички ишлар органлари ходимлари итлар билан бостириб кириб, кафе ходимлари ва мижозларни автобусда олиб кетган. Мақолада айтилишича, гўёки Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган милиция ходимларига солинган жарима плани бор бўлиб, ҳар бир ходим 4 миллион сўм жарима манбаини топиб келиши шарт.
“Озодлик”нинг навбатдаги ёлғонга тўла, кўр-кўрона ёзилган мақоласида милиция ходимларига қўйилган режа бажарилмай қолгани ва Чилонзор тумани Ички ишлар бошқармаси бюджет олдидаги қарздорликни ёпиш учун шундай тадбирни амалга оширгани ҳақида уйдирмалар ёзилган.
Мақола муаллифи ўз ёзганларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги бир қатор фармон ва қарорлари эълон қилинган бўлса-да, Ички ишлар идоралари ходимлари тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашмоқда, деб асослашга уринади.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дониёр Тўшхўжаев “Озодлик”да ёзилганлар ҳақиқатдан йироқлигини айтиб, расман раддия беришга тайёр эканини, Ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилаётган ҳаракатлар қонунга зид эмаслигини билдириб, буни асослаб бермоқчилигини айтди.
Дониёр Тошхўжаевнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига “Jizzakh city” кафесида тунги вақтларда қўшмачи, фоҳишалар ва бошқа жиноий элементлар йиғилиб туриши, кўнгилхушлик қилаётгани бўйича тезкор маълумотлар келиб тушган.
Ушбу маълумотларга асосан жорий йилнинг 3 март куни соат 23:30 атрофида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, унда 25 нафар фоҳишалик билан шуғулланаётган аёллар, Тошкент шаҳрида вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан, яшаб келаётган фуқаролар ушланган. Шунингдек, кафе раҳбарияти вақтинчалик яшашга рухсати бўлмаган шахсларни ишга қабул қилгани, соат 23:00 дан кейин ишлашга рухсати бўлмаса-да, ушбу кафе фаолиятини тўхтатмагани, 30 дан ортиқ муқаддам судланган шахслар борлиги аниқланган. Ушбу иш бўйича мазкур кафе раҳбари жавобгарликка тортилган.
“Jizzakh city” кафеси соат 23:00 дан кейин ишлаётгани, ундаги шовқин, мусиқа товушлари шу атрофда истиқомат қилаётган аҳолига тинчлик бермаётгани ҳақида бир неча бор шикоятлар келиб тушган. Ҳар қайси кафе жамоат тартибини сақлаши шарт, қонун ҳамма учун баробар. Қайси ОАВда ёзилишидан қатъи назар, у хоҳ “Озодлик” бўлсин, хоҳ бошқаси, биз қўрқмасдан шуни айта оламизки, агар қачондир яна шунга ўхшаш маълумотлар оладиган бўлсак, биз бундай ҳолатларга томошабин бўлиб турмаймиз. Аҳолимиз тинчлигини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш учун қонун доирасида ўз ҳаракатларимизни амалга оширамиз”, дейди Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев.
Тошхўжаевнинг раддиясидан сўнг, брифинг қатнашчиларига “Jizzakh city” кафесида суратга олинган видеолавҳалар намойиш этилди. Тасвирларда аёллар, спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, сигарет чекиб ўтирган эркаклар, шовқин кўтараётган улфатлар, ҳатто, вояга етмаган болаларнинг хатти-ҳаракатлари акс этган. Қизиқ, бундай ҳолатларга панжа ортидан қараб, бўлажак жиноятларга шароит яратиб, тадбиркорнинг қонунга хилоф тарзда чўнтаги қаппайишига лом-мим демаслик, тўғрими?
“Озодлик”нинг ёзаётганлари ортида аниқ мақсад, муддао борми ўзи? Агар мақсад халқни давлат идоралари, хусусан, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига қарши қайраш бўлса, бундан халқ нима манфаат топади? Бу мақолада жиноятчиликнинг авж олишига шароит яратиб бериш, фоҳиша ўз ишини бажаришига тўсқинлик қилмаслик, гиёҳванд моддалар савдосига йўл очиш кўзланганини, коса тагида нима коса, дегандек кимнинг ноғорасига ўйналгани кўриниб турибди.
Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органларининг самарали фаолияти сабаб бугун халқ тинч, фаровон ҳаёт кечирмоқда. Тўғри, жиноятчилик бор, буни ҳеч замонда таг томири билан қириб бўлмайди. Бироқ унинг олдини олиш борасида қилинаётган саъй-ҳаракталарга ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлиб турибмиз. Чет эл омаввий ахборот воситаларида чоп этилаётган юқорида баён этилганга ўхшаш мақолаларда бир тадбиркорнинг қонунга хилоф хатти-ҳаракатларини оқлаш ортидан, ёшлар, бутун миллат келажагига болта уриш асосий ғоя бўлиб турганини бугун ақл-фаросати етуклар яхши тушунади. Шундай экан, бизга ташқаридан маслаҳатчи керак эмас. Ўз муаммомизни ўзимиз ҳал этамиз. Кўр-кўрона ёзилган, халқда норозилик кайфиятини уйғотишга қаратилган уйдирмаларингиз ўзингизга сийлов.