Соғлом инсонлар наздида бу сўзда ҳеч қандай камситиш аломатлари йўқдек...
Бизнинг жамиятимизда “ногирон” деган тушунча охирги пайтларда худди жамиятдан ажралиб қолган одамларга нисбатан ишлатиладигандек. Улар кимнингдир ёрдамига муҳтож ёки ўзганинг кўмагисиз ҳаракатлана олмайдиган одамлардек гўё.
Ногирон сўзи аслида сифат сўз туркумига мансублигини унутиб қўяётгандекмиз. Унинг ёнида албатта “инсон”, “киши” ва “одам” деган сўзлар бўлишини билмайдигандек мурожаат қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган ногиронлиги бўлган шахсларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги фармонининг лойиҳасини тақдим этди. Ушбу фармон лойиҳасининг матни Бош прокуратура сайтига жойлаштирилди.
Унда “ногирон” сўзининг ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” атамасини қўллаш ва Ўзбекистон Республикасида 3 декабрни — Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш куни деб эълон қилиш таклиф қилинган.
Бу таклиф ўринли ва долзарб! Бироқ “ногирон” деган сўзни расмий атамалардан ташқари айрим синоним сўзлар бирлигида ишлатиш унданда яхшироқ бўлар эди.
Масалан, “жисмоний имконияти чекланган кишилар”, “аҳолининг алоҳида эҳтиёжли вакиллари”, “махсус ҳимоядаги шахслар” сингари шартли атамалар қўлланилиши мақсадга мувофиқ.
Шундоқ ҳам ногиронлиги бўлган шахслар соғлом одамлар томонидан кўз остидан “ўзгача қарашларни” ҳис қиладилар, бу бор гап, яна “ногиронсан” деган сўз талаффузи уларга бунданда оғирроқ ботиши турган гап...