...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қарор: академик лицейларда ўқиш муддати икки йил этиб белгиланди


12:00, 27.09.2017 Жамият
 5 223

Президент ОТМларга мақсадли қабул тизимини ривожлантириш бўйича қарорни имзолади.

Шавкат Мирзиёев 26 сентябрь куни “Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 27 июлдаги ПҚ–3151-сон қарорига мувофиқ ҳамда олий таълим муассасаларига кириш учун муносиб номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ўқувчиларнинг тегишли мутахассисликлар бўйича олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттиришлари учун зарур ва етарли бўлган, чуқурлаштирилган назарий ва касбий тайёргарлигини таъминлаш мақсадида:
 
1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан мавжуд академик лицейларнинг фаолияти комплекс таҳлил қилинганлиги, моддий-техника базаси хатловдан ўтказилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
 
2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг:
 
ўтказилган комплекс таҳлил ва хатлов якунлари бўйича аниқланган ўқув-методик ва моддий-техника базаси замонавий талабларга жавоб бермайдиган, олий таълим муассасаларидан узоқда жойлашган, таълим сифати ва битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари паст бўлган 1-иловада кўрсатилган академик лицейларнинг 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларни қабул қилишни тўхтатиши ва 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб фаолиятини тугатиши тўғрисидаги;
 
юқори илмий ва педагогик салоҳиятга, етарли моддий-техника базага эга бўлган академик лицейларни 2-иловага мувофиқ олий таълим муассасалари тасарруфига бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
 
3. Белгилаб қўйилсинки:
 
2017/2018 ўқув йилидан бошлаб академик лицейларда ўқиш муддати икки йил этиб белгиланади ва уларга ўқув-методик жиҳатдан раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади;
 
академик лицейлардан узоқ жойлашган ҳудудлардан қабул қилинган ўқувчилар белгиланган тартибда ётоқхона ҳамда ота-оналар тўлови ҳисобига (ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида) харажатларни қисман қоплаган ҳолда, имтиёзли озиқ-овқат билан таъминланадилар;
 
2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар қабули тўхтатилаётган академик лицейларнинг 2 ва 3-босқич ўқувчилари мазкур академик лицейларда таълимни амалдаги ўқув дастурлари бўйича белгиланган тартибда якунлайдилар ва уларга давлат намунасидаги академик лицей битирувчиси дипломи берилади;
 
академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказларида амалга оширилади;
 
фаолияти тугатиладиган академик лицейларнинг бино ва иншоотлари, ер майдонлари, биринчи навбатда, амалда бириктирилган олий таълим муассасасига, олий таълим муассасасида эҳтиёж мавжуд бўлмаган ҳолларда тегишли туман (шаҳар)лар ҳокимликларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилади;
 
академик лицейлар самарали фаолият кўрсатиши, улардаги ўқитиш сифатини таъминлаш ҳамда улар моддий-техника базаси ва юқори малакали ўкитувчилар таркиби билан таъминланганлиги, таълим-тарбия жараёни устидан назорат қилиниши, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўкишга кириши кўрсаткичларини тўлиқ таъминлаш учун шахсий масъулият тегишли олий таълим муассасалари ректорларига юкланади.
 
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари — Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори М.Холмухамедов:
 
бир ой муддатда фаолияти тугатиладиган 1-иловадаги академик лицейларнинг бино ва иншоотлари, ер майдонлари ва бошқа барча моддий-техника бойликларини (кейинги ўринларда моддий бойликлар деб аталади) тўлиқ инвентаризациядан ўтказсин ҳамда уларни рўйхат асосида ҳар бир таълим муассасаси кесимида моддий жавобгар шахсларга ўрнатилган тартибда бириктирсин;
 
моддий жавобгар шахсларнинг ўзларига бириктирилган моддий бойликларни ўрнатилган тартибда топшириш-қабул килиш далолатномалари асосида расмийлаштирилгунига қадар бут ва соз сақланишини таъминлаш чораларини кўрсин ва улар фаолияти бўйича шахсан масъул этиб белгилансин.
 
5. Олий таълим муассасалари раҳбариятига олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (тўлов-контракт асосида ўкитиш учун тушумларнинг фақат тўлов-контракт миқдорининг оширилган кисми) ҳисобидан академик лицейлар учун ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ҳамда академик лицейларнинг ўқитувчи ва ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳукуқи берилсин.
 
6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов икки ой муддатда:
 
Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда академик лицейларга умумтаълим мактабларининг энг билимли, қобилиятли ва иқтидорли ўқувчиларини танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Низомда республиканинг малакали кадрлар етишмовчилиги кузатилаётган ҳудудларидан ўқувчиларни олий таълим муассасаларига киришга мақсадли тайёрлаш учун имтиёзли қабул қилиш, шунингдек академик лицей битирувчиларининг олий таълим муассасасига кира олмаслиги даражасига мувофиқ (фоиз кўрсаткичларига мос равишда) академик лицейни тасарруфига олган олий таълим муассасаси ректори, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари билан ишлаш бўйича проректори, академик лицей директори ва масъул ходимларига ўрнатилган тартибда жарима кўлланилиши ҳамда уларнинг ойлик маошларидан чегириб қолиниши назарда тутилсин;
 
академик лицейларнинг ўқув режалари ва ўқув дастурларини қайта кўриб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;
 
тасаруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда академик лицей ўқитувчиларининг етакчи олий таълим муассасаларида малака оширишини самарали тизимини, шу жумладан, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда ташкил этсин.
 
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолияти тугатиладиган академик лицейларнинг ишдан бўшайдиган ўқитувчиларини ва ходимларини белгиланган тартибда ишга жойлаштириш чораларини кўрсин.
 
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда “Маориф” соҳасига йўналтирилган маблағлар доирасида ушбу қарор ижросини таъминлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
 
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш вазифаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида” 2017 йил 24 январдаги ПҚ-2738-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
 
10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
 
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
 
Тошкент, 26 сентябрь

Теглар:Президент қарори Шавкат Мирзиёев Олий таълим тизими 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар