...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Жаннатдан дараклар”. Статистика қўмитасидан “кутилган” таққос


18:49, 07.03.2018 Жамият
 9 124

Хўш, ойлик маошлар ҳам шу даражада ошдими? Албатта, йўқ. Агарда шундай бўлганда, 2016 йилда 1 миллион сўм ойлик олган одам, 2017 йилда 1 миллион 300 минг маош олиши керак эмасмиди?!

Статистика қўмитаси “турмуш даражаси” атамасини тушунтиришга уринди. Шу мақсадда 2017 йилги айрим статистик кўрсаткичларни аввалги йиллар ҳамда бошқа давлатлардаги кўрсаткичлар билан таққослади.
 
Ёзилишича, 2000 йилда одамлар озиқ-овқат маҳсулотларига даромадининг 61,4 фоизини сарфлаган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 47,2 фоизни ташкил этган.


 
Шу ўринда қўмита томонидан эълон қилинган “2017 йил январь-декабрь ойларида Ўзбекистон Республикаси истеъмол секторида инфляция” деб номланган ҳисоботга эътибор қаратиш зарур. Унда қайд этилишича, асосий истеъмол маҳсулотлари бўлган гўшт, парранда ва балиқ маҳсулотлари ўтган йилда 2016 йилдагига нисбатан 30 фоизга, тухум 36,1 фоизга, шакар 28,8 фоизга ошган.
 
Хўш, ойлик маошлар ҳам шу даражада ошдими? Албатта, йўқ. Агарда шундай бўлганда, 2016 йилда 1 миллион сўм ойлик олган одам, 2017 йилда 1 миллион 300 минг маош олиши керак эмасмиди?!
 
Бундан келиб чиқадики, одамлар камроқ овқатланишга ўтган. Йўқ! Биз адашибмиз.
 
Мақолада келтирилишича, 2017 йилнинг январь-декабрь ойларида аҳоли жон бошига тўғри келадиган истеъмол ҳажми, асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан гўшт ва гўшт маҳсулотлари 43 кг ни ташкил этиб, 2000 йилга нисбатан 127,1% га ошган. Шунингдек, сут маҳсулотлари 270 кг ни (2000 йилга нисбатан 1,7 марта), тухум 215 донани (4,6 марта), сабзавот ва полиз экинлари 277 кг ни (2,2 марта), картошка 55 кг ни (1,5 марта), шакар ва қандолат маҳсулотлари 31 кг ни (2 марта), мева ва резаворлар 145 кг ни (3,5 марта) ташкил этган.
 
Хўш, кимга ёки нимага ишонасиз? Статистика мутахассисларининг кўзни қувнатадиган кўп нолли рақамларигами ёки бозордаги нархларнинг фақат ошишига ўрганиб қолган ўз кўзларингизгами?!
 
Дарвоқе, муаллифларнинг ишонтиришича, Ўзбекистон аҳолисининг озиқ-овқат учун сарф қилаётган харажати МДҲ давлатларникидан кўп фарқ қилмайди. Юқорида қайд этилганидек, бизда умумий даромаднинг 47,2 фоизи озиқ-овқат маҳсулотларига харажат қилинса, Россия Федерациясида бу кўрсаткич – 38%, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистонда 40% дан юқорини, Қирғизистон, Тожикистон ва Украинада 50% дан юқорини ташкил этар экан.
 
Мақолада бундай таққослар жуда кўп. Биз бор-йўғи улардан биттасини олиб оддий инсон кўзи билан қараб, таҳлил этишга уриндик.
 
Албатта, статистика қўмитаси мутахассислари ушбу ёзганларимизни нопрофессоналликка йўйишлари аниқ. Унда ҳам бизнинг жавобимиз тайин: Сиз бу каби мақолаларни шундай ёзингки, биз каби нўноқ, ғўр кимсалар уларни таҳлил этиш нарида турсин, муносабат билдиришга ҳам журъат этолмай қолайлик.
 
Ҳозирча эса буни “Статистика қўмитасидан КУТИЛГАН таққос” дейишдан бошқа иложимиз йўқ. “КУТИЛМАГАН” дейишга маънавий ҳаққимиз йўқ!
Фирдавс БЕК

Теглар:Статистика мақола 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар