...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Болам компьютер клуби ва масжидга бормайди” – ХТВ ота-оналардан олинадиган тилхатга қарши чиқди


14:38, 21.12.2018 Жамият
 5 770

Вазирлик ўқувчиларнинг мактабдан ташқари вақтидаги хатти-ҳаракатлари бўйича ота-оналардан кафолат хати талаб қилинишини қўллаб-қувватламайди.

Бугунгача Ўзбекистондаги мактабларда ўқувчиларнинг ота-оналаридан таътил вақтида назоратда бўлишлари ва жавобгарликни зиммаларига олишларини тасдиқловчи тилхатлар олиш анъанага айланиб қолганди. Халқ таълим вазирлиги эса мазкур масалага нисбатан расмий баёнот билан чиқди. Унда шундай дейилган:
 
Ижтимоий тармоқда пойтахт мактабларининг бирида ўқувчиларнинг қишки таътил кунларида ота-оналардан фарзандларининг ўзларини қандай тутишлари кераклиги ҳақида талаб қилинган кафолат хати сурати тарқалди. Мазкур хатда таъкидланишича, ота-оналар ўғил-қизларининг компьютер клублари ва масжидларга бормаслиги, пиротехника воситаларини сотиб олмаслиги, улардан фойдаланмаслиги, шунингдек, жамоат тартибини бузмаслиги, ҳамда гуруҳ, оммавий тартиббузарликларда қатнашмаслиги, ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик содир этмаслигини кафолатлайди.
 
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мактабларда бюрократизмнинг намоён бўлишини ҳамда ўқувчиларнинг мактабдан ташқари вақтидаги хатти-ҳаракатлари бўйича ота-оналардан кафолат хати талаб қилинишини қўллаб-қувватламайди.
 
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 73-моддасида ота-оналар фарзандларини тарбиялашга масъул эканлиги баён этилган. Улар фарзандларининг саломатлиги, ақлий, жисмоний, маънавий ва ахлоқий ривожланиши учун ғамхўрлик қилишлари шарт. Шу боисдан ҳам, ота-оналардан ноқонуний равишда ёзма кафолатларнинг талаб этилиши нотўғри ҳисобланади.
 
Янги йилни осойишталикда кутиб олиш, мактаб ва хонадонларда ёнғин ҳамда техника хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мактаб раҳбарлари, ўқитувчилар, шу билан бирга ота-оналар ҳам болалар орасида пиротехника билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар салбий оқибатларга олиб келиши ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориши керак.
 
Халқ таълими вазирлиги ўқувчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ўсмирлик давридаги инқирозларни, шунингдек, жиноятчиликни келиб чиқишини олдини олиш, ўғил-қизларни  ахборот майдонидаги таҳдидлардан огоҳлантириш мактаб ўқитувчилари ва ота-оналарнинг доимий бурчи эканлигини таъкидлайди.
 

Теглар:Халқ таълими вазирлиги 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар