...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Ҳазрати Довуд”: зиёратгоҳ баҳона – соққа ғанимат


19:07, 17.06.2017 Жамият
 10 045

Шулардан бирортасида ҳам касса аппарати йўқ, тўлов терминали ўрнатмасдан, банкдан ҳисоб рақам очмасдан, банкка накд пул топширмасдан фаолиятини амалга ошириб келаётгани маълум бўлди.

Ўзбекистон ўзининг бой маданий мероси, маънавий қадриятлари, фан ва таълим соҳасидаги улкан ютуқлари билан инсоният тамаддунига беқиёс ҳисса қўшиб келмоқда. Мустақиллик йилларида ушбу маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, миллий анъана ва қадриятларни давом эттириш учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан кенг имкониятлар яратилмоқда.

Хўш, жойларда ушбу имкониятлардан тўлақонли, оқилона фойдаланиляптими? Самарқанд вилояти, Нуробод тумани, Оқсой қишлоғида жойлашган “Ҳазрати Довуд” зиёратгоҳи тоғли ҳудудда жойлашгани сабабли, зиёратчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Оқсой” қишлоғига киришда автомобилларнинг сақлаш жойи ташкил этилган бўлиб, ташриф куни автотураргоҳларнинг юқори қисмида 150 та ва пастки қисмида эса 300 тадан зиёд машиналар тургани, ҳар бир автомашина учун 2000 дан 5000 сўмгача пул олинмоқда.

Мазкур автотураргоҳлар “Ҳазрати Довуд” зиёратгоҳи раҳбари Ф.Давроновга тегишли экани ва унинг ака-укалари бошқариши маълум бўлди. Бундан ташқари, автотураргоҳдан зиёратгоҳгача бўлган масофага фуқароларни ташиш учун “Оқсой транс бизнес” МЧЖ га тегишли 28 та Damas русумли автомашиналар ҳар бир фуқародан 1500 сўмдан, қўл юклари учун ҳам 500 сўмдан маблағ олаётгани фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Бу эътирозга ойдинлик киритиш мақсадида автотураргоҳдан зиёратгоҳгача бўлган масофа ўрганиб чиқилди. Зиёратгоҳгача бўлган масофа бор-йўғи 1700 метр экани аниқ бўлди. Ушбу масофа учун “Оқсой транс бизнес” МЧЖ томонидан белгиланган кунлик тўлов эса битта Damas машинаси ҳайдовчисига 28000 сўм қилиб белгиланган.

Ҳайдовчи Ф.Дониев эрталаб соат 10:00 гача олти марта зиёратгоҳга йўловчи ташиганини билдирди. Демак, бу ҳайдовчининг олти маротаба масканга бориб қайтиб келиши маблағи ҳисобланганда шу куни фақат соат 10:00 гача ишлаган маблағи 126.000 сўм бўлган. Шу биргина ҳисоб-китобнинг ўзи ҳам “Оқсой транс бизнес” МЧЖ томонидан кунлик тўловининг нотўғри қўйилганини исботлайди. Чунки бу ҳайдовчи кечгача яна 15-20 мартагача қатнаши мумкин. Damas ҳайдовчиси кунлик тўловидан ташқари ҳеч қаерга маблағ тўламаслигини билдирди. Лицензия талаблари назоратини эса Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорт агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси олиб боради.

Зиёратгоҳга асосий кириш дарвозасига етгач, катта ёшдагилардан 1000 сўм, талабалардан 800 сўм, болалардан 500 сўм, чет эллик сайёҳлардан эса 5 АҚШ доллари миқдорида чипта сотиляпти. Зиёратгоҳ Самарқанд вилоят давлат бирлашган тарихий меъморий ва бадиий музей қўриқхонасига тегишли бўлиб, жуда катта бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. Зиёратчиларнинг дам олишлари, зиёрат қилишлари учун муайян шароитлар яратилган. Лекин шу билан биргаликда, тоғ тепасидаги масжид ва ғор ичидаги аҳвол санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлди.

Зиёратгоҳнинг кириш жойида К.Шарипов исмли шахс Қуръон оятларидан тиловат қилаётгани, фуқаролар тиловатни тинглаганидан сўнг хайр-эҳсон учун пул чиқариб, қутига ташлашлари, шундан сўнг зиёратгоҳга ўтишлари ташкил этилгани маълум бўлди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоят вакили З.Эшонқулов К.Шарипов билан суҳбатлашганида Қуръондан билими йўқлиги ва тиловатдан тушаётган пулларни ўзлаштираётгани аниқланди.

Зиёратгоҳда 12 та ошхона, 3 та сомсахона, 11 та дўкон ва 53 та пештахтада ноқонуний савдо қилувчилар, тоққа чиқиш йўлаклари ва тепа қисмида чамаси 100 дан ортиқ дўкон ва пештахтада савдо қилувчилар, 7 та ҳожатхона фаолият юритаётгани аниқланди. Шулардан бирортасида ҳам касса аппарати йўқ, тўлов терминали ўрнатмасдан, банкдан ҳисоб рақам очмасдан, банкка накд пул топширмасдан фаолиятини амалга ошириб келаётгани маълум бўлди.

Бу ҳақда шу ҳудудга бириктирилган туман солиқ идораси ходими Ғ.Бўтаев “Бунча жойни бир ўзим бошқара олмайман”, дейишдан нарига ўтмади. Шулардан қарийб 80 фоиз савдо шохобчалари давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик қилиш билан шуғулланишмоқда. Давлат руйхатидан ўтган айрим тадбиркорлар ҳужжатида эса фақатгина овқат тайёрлаш ваколати берилган, холос. Бироқ шунга қарамай, ушбу тадбиркорлар 20-30 та чорпояларни фуқароларга ижарага бериб, мўмай даромад кўриш билан шуғулланишмоқда.

Фуқароларнинг маълумот беришларича, дам олиш жойларида ҳар бир фуқародан 5000 дан 15 000 сўмгача ижара ҳақи олинмоқда. Ошхоналарда фаолият юритаётган ишчи-ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилмаган. Мол, қўй сўйиладиган қушхоналар санитария-гигиена талабларига умуман жавоб бермайди. Ҳар бир сўйилган жонлиқдан бир килограмдан гўшт хизмат ҳақи учун олиб қолинмоқда. Қўй ва паррандалар ветеринария кўригидан ўтказилмагани маълум бўлди. Ҳатто қўй ва паррандалардан чиқадиган иккиламчи маҳсулотларни сақлаш, қон ва бошқа чиқиндиларни ювиш ва тозалаш ишларига ҳам мутлақо аҳамият берилмаган.

Масканда одам ниҳоятда гавжум. Бу ерга бир кунда камида 10 минг одам ташриф буюрар экан. Лекин фуқаролар тепаликка чиқиш ва тушишда йиқилиб, жароҳат олиши, юрак хасталиклари, қон босими кўтарилиши ҳолатлари тез-тез содир бўлиб, тез ёрдам хизматидан фойдалана олмаётганидан шикоят қилишди ва шифохоналарга етказилишида жуда катта қийинчиликларга дуч келаётганини айтишди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, “Ҳазрати Довуд” зиёратгоҳида нафақат самарқандликлар, балки республикамизнинг барча вилоятларидан зиёратчилар ташриф буюрадилар. Хорижий меҳмонларнинг, юртимизнинг қадимий қадамжоларига қизиқувчан сайёҳларнинг ташрифларини инобатга оладиган бўлсак, юқоридаги қўштирноқ ичидаги “тадбиркорлар” фаолиятига чек қўйишнинг вақти келмадимикан, деган ҳақли савол туғилади.
Инобат Ҳасанова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати,
Самарқанд вилоят истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш
жамияти бирлашмаси раиси

Теглар:Ҳазрати Довуд Самарқанд 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Madaminbek
21:02 17.06.2017

Haq gap!!!



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар