...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Тошкент” халқаро аэропортидан гапирамиз: Энди юк лентаси 1 та эмас, ҳожатхонадан ҳам бадбўй ҳид анқимайди


18:19, 15.06.2018 Жамият
 4 635

Ташқаридаги манзара ҳам айнан меҳмонларни очиқ юз билан қаршилашга арзийдиган даражада. Бино қаршисига мевали ва манзарали дарахтлар экилган.

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 15 июнь – Рамазон ҳайити куни муносабати билан Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортининг янги учиб келиш терминали иш бошлади.
 
“Тошкент” халқаро аэропорти ҳақида гап кетганда, унинг тор йўлаклари, айниқса, кутиб олиш залининг пана-пастқам, қоронғилиги, паспорт назорати кабиналарида навбат кутиш ноқулайлиги ҳақидаги кўп эътирозларга дуч келганмиз. Қолаверса, кўпчилик юкларни ташувчи махсус мосламанинг секин ҳаракатланишидан нолир эди. Албатта, эски, қартайган техникадан нимани ҳам кутардик... Камига иккита юк ташувчи тасмада биттаси мадори қуриганча ҳаракат қилиб тургандан кейин.
 
Тўғри, сўнги вақтларда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК фаолиятида кўплаб ижобий ўзгаришлар кузатилди, эски бинода қатор янги тизимлар иш бошлади. Паспорт назорат тизими, божхона хизматидаги ходимлар меҳмонларни табассум билан қарши олишни ўрганди. Бироқ, гап фақат табассумда бўлса, қани эди... Техник жиҳатдан анча кексайган аэропортнинг кутиш зали йўловчилар ўртасида ҳам қатор можаролар келиб чиқишига сабаб бўлгани сир эмас.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва қарори билан 2017 йилда Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортининг ўнг биқинида майдони 9802,36 м2 га тенг маҳаллий йўналишлар аэровокзали эски биносида таъмирлаш ишлари олиб борилди ва янги, замонавий, ёруғ ва шинам, жаҳон стандартларига жавоб берувчи янги терминал қад ростлади.
 
Ушбу янги терминал соатига 1200 йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Бу эса хизмат сифатининг ошишига сезиларли даражада таъсир кўрсатади.
 
Янги терминалдан иккита Duty free, иккита кафе-бар, 4 та юк етказиб берувчи тасма ўрин олган.
 
Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортининг кутиб олиш зали хизматидан фойдаланганлар яхши билади: ҳожатхона эски, юкларни ташувчи мосламага яқин жойда жойлашган. Ундан чиқаётган ҳид эса бутун аэропортни тутарди. Тасма атрофидаги жанжаллар, аравачаларга бўлган навбатларни-ку айтмаса ҳам бўлади. Янги терминалда эса бундай муаммоларнинг барчаси бартараф этилган. Бинонинг тўрт бурчагига эркаклар учун алоҳида, аёллар учун алоҳида, қолаверса, ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида ҳожатхона ўрнатилган. Аравачаларни эса санаб, саноғига етмадик.
 
Эски терминалда паспорт назоратидан ўтиш учун навбат кутиш билан ўртача 15-20 дақиқа сарфланган бўлса, янгисида диқақалар анча қисқариб, 7-10 дақиқани, ҳатто, ундан ҳам кам вақтни ташкил этмоқда. Янги терминалдаги қулайликлар самараси ўлароқ меҳмонлар аэропортдан 20-30 дақиқада ташқарига чиқадилар.
 
Ташқаридаги манзара ҳам айнан меҳмонларни очиқ юз билан қаршилашга арзийдиган даражада. Бино қаршисига мевали ва манзарали дарахтлар экилган. Икки фаввора эса қуёш тиғида бироз салқин ҳаво илиниб турибди. Улар атрофидаги ўриндиқлар эса меҳмонининг чиқишини кутаётганлар учун ҳозир. Хуллас буларнинг қандай ишлаши, сақланиши кўп жиҳатдан яна бизга, фойдаланувчиларга боғлиқ.
 
Бугун ушбу терминалда илк меҳмонлар – Корея Республикасининг Сеул шаҳридан Boeing-787  – “орзу кемаси”даа келган 235 нафар йўловчи ўзбекона иззат-икром билан кутиб олинди.
 
Шуни айтиш ўринлики, терминал ҳозирча синов режимида фаолият олиб бормоқда. Барча келиш рейсларини тез орада ушбу терминалда қабул қилиш бошланади.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Тошкент халқаро аэропорти 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар