Ўзбеклар эса бунинг таълимини анча олган, уқуви бор, тажрибаси ҳам етарли. Айниқса, савдогарларнинг. Йўқ, улар бу сафар янги аэропортнинг ҳурмати тасма устига чиқишмади, тирқишга ҳам бош тиқишмади.
Бугун, 20 июль куни Туркия вақти билан соат 23:55 да Отатурк номидаги Истанбул халқаро аэропортидан йўлга чиққан Турк ҳаво йўлларига қарашли A-300-330 русумдаги самолёт соат 6:20 да Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортига келиб қўнди. 295 кишини ўз ичига сиғдирган самолёт йўловчилари орасида юзлаб савдогарлардан ташқари 14 нафар Ўзбекистоннинг энг кўзга кўринган журналистлари ҳам бор эди.
Тан олиш керак, паспорт назоратидан ҳеч қандай қийинчиликсиз, тез ўтилди. Ходимлар йўловчиларни аввалгидек ортиқча саволларга тутмаяпти, узоқ тикилиб турмаяпти. Хуллас кабина қаршисида кўп тик турмайсиз. Бироқ ҳаммаси юк етказиб берувчи тасмалар атрофида рўй беряпти. Сабрингиз қанчалик тоблангани, асаб толаларингиз қай даражада мустаҳкамлиги шу нуқтада синовдан ўтказилади.
“Тошкент” халқаро аэропорти янги терминали иш бошлагани ҳақидаги мақтовга бой хабаримизда энди юк етказиб берувчи тасмалар сони 4 та эканлиги, бирданига бир неча шаҳардан парвозлар қабул қилинганда ҳам йўловчилар юкларини узоқ кутиб қолмасликлари ҳақида тўлқинланиб, тўлиб-тошиб гапиргандик. Ўзимиз эса бунинг аксига гувоҳ бўлдик.
Истанбулдан қўнган самолётдаги юклар 4-тасмадан етказиб берилиши ҳақидаги эълон мониторда акс этди. Тасма атрофи 5 дақиқа ўтар-ўтмас одамлар билан тўлди. Юк ташувчи тасма саҳарлаб нега уйғотдиларинг, дегандек эринибгина ҳаракат қиларди. Биринчи сумка кўриниш берди. 10 дақиқадан бери юк чиқувчи тирқишга кўз тикиб чарчаганлар анча сергак торта бошлади. Чиқяпти, чиқяпти... Биринчи сумка ортидан шерикларини етаклаб чиқмади. Уч марта тасмани айланиб чиқди, сўнг эгасини топди. Эринибгина ҳаракатланаётган тасманинг елкаси яна енгиллади, яна юклардан дарак йўқ. Ора-орада битта, иккита жамадон чиқиб қолар, гўё рамзий маъно бераётгандек эди.
Шу тариқа ярим соат ўтди. Одамлар ҳали узоқ кутишини тушунди шекил ким ҳожатхонага, ким Duty Free’га чопди. Бошқалар яқин-узоқдаги ўриндиқлардан қўниб топди. Биз эса вазиятни кузатишда давом этардик. Орамизда хорижлик, нафақат туркиялик, балки дунёнинг бошқа бир учидан келган сайёҳлар ҳам бор эди. Улар ҳам нима бўлаётганини тушунмай, сўроқли нигоҳ билан тикилиб турарди. Ўзбеклар эса бунинг таълимини анча олган, уқуви бор, тажрибаси ҳам етарли. Айниқса, савдогарларнинг. Йўқ, улар бу сафар янги аэропортнинг ҳурмати тасма устига чиқишмади, тирқишга ҳам бош тиқишмади. Ўзларини тарбияли, рисоладагидек йўловчи сифатида тутдилар.
Бир соат ўтди. Юклар сони бироз ортди. Орасида бизники ҳам кўриниш берди. Одамлар орасидан амал-тақал юкимизни олиб, ташқарига ошиқдик. Яшил йўлакдан ўтганимизга қарамасдан Давлат божхона хизмати ходимлари лоақал қўл юкимизни скринингдан ўтказишимизни сўрашди. Шу тариқа 1 соату 20 дақиқа деганда аэропортни тарк этдик. Ортимизда эса дақиқаларни маржондек тераётган юздан ортиқ йўловчи қолганди.
Шу ўринда эса савол туғилади: техникани кучайтириб, бинони янгилаган билан ходимлар сони ҳам орттирилдимикин? Уларнинг салоҳияти-чи? Юзлаб йўловчиларнинг сарфлайдиган вақтини юк етказиб бериш хизмати ҳал этса ва бунга ҳеч ким тушунтириш бермаса!? Яхшиямки ўша вақтда бошқа рейслар қабул қилинмаган. Агар 3-4 рейс бир вақтда келса, кўринг томошани. Хўш, ўзгаришларнинг бори шуми? Биз-ку майли, тушуниб кетаверамиз. Аммо сайёҳларга қандай тушунтириш берилади? Биргина камчилик орқали қанча сайёҳнинг ҳафсаласи пир қилинаётганидан хабари борми “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКдагиларнинг?
Тамом, ҳамма аэропортларни қуйруққа тўплашнинг, монополиянинг умрини узайтиришнинг ҳожати йўқ. Хусусийлаштирилсин, бошқаларга ҳам аэропорт фаолиятини ташкил этишга имкон берилсин. Балки шунда янгилик, кутилаётган жиддий ўзгаришлар содир бўлар.
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари