Аввал хабар қилганимиздек, ушбу янги терминал бир неча кундан кейин, яъни апрель ойи ўрталарида фойдаланишга топширилади. Хўш, ундан нима кутишимиз мумкин?
Аввал хабар қилганимиздек, ушбу янги терминал бир неча кундан кейин, яъни апрель ойи ўрталарида фойдаланишга топширилади. Хўш, ундан нима кутишимиз мумкин?
Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортига кирганлар яхши билади. Тошкентга кириб келишда паспорт текширувидан ўтиш анча осонлашган, бироқ аэропортдан чиқиш у қадар осон кечмайди. Боиси юк етказиб берувчи икки тасмадан аксарият ҳолларда биттаси ишлайди. Шунда ҳам ҳаракати суст, базўр судралади.
Янги терминалда эса юк етказиб берувчи тасмалар 4 та бўлади. Улар бир вақтнинг ўзида 4 та рейсга, яъни 1000 кишига хизмат кўрсатиш имконини беради. Қолаверса, паспорт назорати кабиналари сони 5-6 та эмас, бир варакайига 12 та бўлиши кутилмоқда.
Дарвоқе, бундан бир неча ой аввал, “Qalampir.uz” интернет-нашрида Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан янги аэропорт қурилаётгани, унинг осмондан кўриниши, Ҳумо қушининг қанот ёйиб турган шаклига ўхшаши ҳақида хабар берилган эди. Биз сўз юритаётган аэропорт Ҳумо қуши тасвиридаги эмас. У аэропортдан ҳозирча дарак йўқ. Янги терминал лойиҳаси “Тошкент” халқаро аэропортидан фарқли ўлароқ салобатли, баланд қилиб қурилмоқда. Унинг ташқи ва ички дизайнида замонавийлик билан бир қаторда, шарқ меъморчилик анъаналаридан фойдаланилган.
Биз бугун кўзимизга суртиб фойдаланаётган Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти 1924 йилда бунёд этилган.
Ушбу аэропорт даставвал маҳаллий йўналишдаги парвозлар учун хизмат қилган. 1980 йилда Москвада ўтадиган Олимпиада сабаб мазкур аэропортдан бир неча халқаро парвозлар йўлга қўйилган. Бироқ талабга жавоб бермаслиги ҳисобга олинмаган.
Бугунги кунда, “Тошкент” халқаро аэропортида 3 та терминал мавжуд. Уларда маҳаллий ва халқаро йўналишларда парвозлар амалга оширилмоқда. Аэропортда узоқ ва ўрта масофага учувчи самолётлар учун 110 та туриш жойи бор.
Кутайликчи, навбатдаги аэропорт кўзимизнигина қувнатмай, хизмат сифати билан ҳам кўнглимиздан жой олармикин...