...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Толибон”га асир тушган ўзбекистонлик Зокиржон бобо ҳикояси


15:09, 25.03.2018 Жамият
 12 452

Бугунги кунда Афғонистондаги тинчлик минтақа учун жуда муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги Афғонистон диёрида яшаб, ижод қилган аждодларимиз вафот этгач у ердаги турли шаҳарларга дафн этилгани барчамизга аён. Бу ерлар ўша даврда Хуросон деб аталмиш йирик сиёсий ҳудуднинг маркази бўлгани, илм-фан ва маданият юксак даражада тараққий этгани тарихий ҳақиқатдир.
 
Аммо охирги 40 йилдан буён Афғонистон ҳудудида давом этаётган ички урушлар мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий муҳитга таъсир ўтказиши баробарида мавжуд ўтмиш аждодлар қолдирган мерос ва уларга тегишли қадамжолар ҳаробага айланишига олиб келди.


 
Шунга қарамасдан Ўзбекистондаги масъул ташкилотлар, хусусан, “Бобур” номидаги халқаро жамоат фонди улуғ боболаримиз дафн этилган ўринларни тартибга келтириб, уларни обод қилиб, мақбараларини тиклаш ишларини олиб бораётгани диққатга сазовордир.
 
Ушбу фонд раиси Зокиржон Машрабов жорий йилнинг 26-27 март кунлари Тошкентда ўтказиладиган Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференция доирасида ташкил қилинган матбуот анжуманида сўзга чиқиб у ерда ўтган аждодларимиз қабрларини тиклаш ва уларга эҳтиром келтириш мақсадида олиб борилган ишлар тўғрисида қуйидагиларни гапирди:
 
“Биз шундай ишларни ташкиллаштиряпмиз: Ҳиротда Алишер Навоийнинг, нафақат, мақбараси бўлади, балки у ерда кичик музей, Навоий асарларининг оригинал нусхаси сақланадиган кутубхона бўлади. Шу каби асарлардан 10-15 тасини мен одиндан  қурилажак кутубхона учун йиғиб қўйдим. Бундан ташқари бобомиз қабри ёнидаги намозгоҳни масжидга айлантириб обод қиламиз ҳамда атрофида Навоий номидаги истироҳат боғини барпо этамиз”.
 
Зокиржон Машрабов боболаримиз хотираси учун бунёдкорлик ишларини Афғонистонда олиб боришнинг катта қийинчиликлари борлигини таъкидлади. Жумладан, 2007 йилда Мавлоно Лутфий қабрини топиб унга белги ўрнатиш жараёни ҳам жуда мушкул бўлганини айтиб берди.
 
Бундан ташқари Зокиржон Машрабов улуғ мусаввир Камолиддин Беҳзоднинг қабрини топиб, унга белги ўрнатиш ишлари ҳам жуда қийин кечганини, масалан, қабрнинг Ҳиротдаги тепалик устида эканлиги, у ердаги қабр ўринини аниқлаб, керакли тошлар чиқариб ўрнатилгани ҳақида маълум қилди.
 
Афғонистон диёридаги ушбу хайрли ишлар, албатта, хатарсиз бўлмаслиги тайин. У ердаги турли экстремистик гуруҳлар ва “Толибон” ҳаракатининг мавжудлиги яна бир карра мушкуллик яратиши табиий ҳол. Шу жумладан, Зокир Машрабов бошчилигидаги экспедиция ҳам мана шундай хавфни бошидан ўтказгани ҳақида унинг ўзи қуйидагиларни айтиб берди:
 
“Мен 20 йил давомида Афғонистондаги турли сиёсий тизимлар даврида ишладим. У ерда “Толибон” ҳаракати мавжуд. Мана шу ҳаракат аъзоларига икки-уч марта асир тушдим. Улар ҳам инсон экан, барибир. Мен уларга айтдим: мен учун Афғонистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Ҳиндистон ва Покистон фарқи йўқ, мен маънавият йўлида, илм-фан тараққиёти йўлида изланишлар олиб боргани келдим,  дедим. Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги бизга “Жаноб Машрабов ва унинг экспедиция аъзоларига тегманглар. Фотоаппаратини, видеокамерасини машинасидан чиқармайди. Агар чиқарса, ислом қонуни бўйича жазолайверинглар”, деган мазмунда хат ёзиб берган эди.
 
Улар бизни 7-8 соатлаб битта хонага олиб кириб қамаб қўйди. Ён атрофимиз хашак. Сув ичолмаймиз. Бирор нарса сўролмаймиз. Тушунтиролмаймиз. “Толибон”нинг юлдузи бор битта офицери жангарилари билан бизни тутиб турибди.


 
Охири ўша хатни бердим. Лекин у хатни олиб, индамасдан қўйиб қўяди, жавоб айтмайди. Шундан кейин бир мўйсафид майор келди. Юқори лавозимли эканлиги билиниб турарди. Хатни ўшанга кўрсатдик. Ўқиб бўлгач, ёнидагиларни қойиб кетди. Менда таржимон бор. У менга таржима қиляпти. Бизни тутиб турган: “Мен туғилганимдан бери урушда бўлсам, бирор нарса ўқишга саводим бўлмаса, нима қилай, қонун бўйича олиб кириб қўйдимда”, деб жавоб берибди. Кейин улар бизни озод қилиб юборди. Бу ҳолат ҳам кулгили, ҳам хатарли. Демак, афғон халқи тинчликни жуда хоҳлайди”.
 
Зокиржон Машрабов Тошкент конференциясининг амалий аҳамиятига катта ишонч билдириб, келгуси йилларда Афғонистонда Машраб, Камолиддин Беҳзод, Ҳусайн Байқаро каби ўнлаб боболаримиз ётган қабрларни обод қилиб, мақбаралар ўрнатиш режалари борлигини маълум қилди.
Икром Раҳмон

Теглар:Афғонистон конференция Зокиржон Машрабов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар