...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Qalampir” Фуқаролар қабулхонаси: паррандачилик учун кредит қандай олинади?


21:53, 31.05.2017 Жамият
 6 816

Қуйида айнан паррандачилик фаолияти билан шуғулланиш учун тақдим этиладиган агрокредит олиш имкониятлари ҳамда шартларини ўрганиб чиқамиз.

Хабарингиз бор, “Qalampir.uz” таҳририяти Facebook ижтимоий тармоғида “Qalampir” фуқаролар қабулхонасини очган эди. Мазкур қабулхонага мурожаатлар келиб тушиши давом этмоқда.

Қуйида Ҳусниддин исмли муштарийдан келган яна бир мурожаатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

“Қадрли сайт жамоаси, мен сизларнинг сайтингизни доимо кузатиб бораман. Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг реал даромадларини ошириш бўйича олиб борилаётган, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган ишлар барчамизни қувонтиради. Мен ҳам ўз уйим шароитида парранда(товуқ)чилик билан шуғулланмоқчиман. Лекин ишни нимадан бошлашни билмайман. Ушбу фаолиятни бошлаш учун, масалан, 100 бош товуқ боқиш учун қандай ишлар қилиш кераклиги, уларни озиқлантириш, касалликларга қарши эмлаш, наслдор иқтисодий фойдали товуқ зотларини қаердан олиш мумкинлиги каби масалаларда ушбу соҳа билан шуғулланаётган юртдошларимизнинг ва мутахассислар билан суҳбатлар ўтказиб, сайтингизга жойласангиз, мен каби ишни нимадан бошлашни билмаётган юртдошларимиз учун фойдали бўларди.

Шунингдек, сайтингиз орқали “Оила – даромад манбаи” рукнини ташкил этиб, туркум мақолалар бериб боришингизни илтимос қилардим. Бераётган ёрдамларингиз учун сизларга аввалдан миннатдорлик изҳор этиб, ишларингизга ривож тилайман”.


Ушбу мурожаат юзасидан махсус мухбиримиз мазкур соҳада кредит ажратиш бўйича изланишга киришди. Мақолани тайёрлашда “Ҳамкорбанк” Чилонзор бўлими агрокредит бўлинмаси менежери Зиёджон Деҳқонов билан ҳамкорлик қилинди.

Халқимизда парранда – етти хазинанинг бири, деган гап бор. Гўшти, тухумини истеъмол қилиш, патидан юмшоққина ёстиқлар учун фойдаланиш, қолаверса, ортган маҳсулотни сотиб фойда қилиш мумкин. Ўз маблағингиз ҳисобига товуқ боқиб, кўпайтирсангиз, нур устига нур, бироқ бундай имконият бўлмаса-чи? Тўғри, кредит ёрдамга келади. Қуйида айнан паррандачилик фаолияти билан шуғулланиш учун тақдим этиладиган агрокредит олиш имкониятлари ҳамда шартларини ўрганиб чиқамиз.

2344-сонли йўриқномага кўра, юридик шахслар чекланмаган миқдорда, жисмоний шахслар эса энг кам иш ҳақининг 100 (юз) баробаригача – 14.900.000 (ўн тўрт миллион тўққиз юз минг) сўмгача 9 (тўққиз) фоиз кредит устамаси билан 2 йилгача кредит олишлари мумкин. Ушбу 9% устамадан ташқари банк хизматлари учун мижоз билан ўзаро келишилган ҳолда алоҳида тўлов олинади. 

Жисмоний шахс паррандачилик учун агрокредит олиш учун:

- ўз ҳовли-жойига;
- ушбу ҳовлида паррандачилик билан шуғулланиш учун шарт-шароитга;
- кредит олгунга қадар ўз уйида камида 50 бош товуғига;
- гаров мулкига;
- бошқа доимий даромадига эга бўлиши лозим.

Энди кредит олиш учун керакли ҳужжатлар рўйхати билан танишинг:

1. Кредит олувчи:

- паспорт нусхаси;
- солиқ тўловчининг идентификацион рақами (ИНН);
- яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғинидан маълумотнома (банк томонидан тақдим этиладиган махсус бланка асосида тўлдирилади);
- яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғинидан маълумотнома (ўз уйида паррандачилик билан шуғулланиш учун шароити мавжуд мазмунида);
- иш жойидан иш ҳақи тўғрисида бир йиллик маълумотнома (агар доимий иш жойи бор бўлса).

2. Гаров ҳужжатлари:

- гаровга қўйиладиган мулк ҳужжатлари (автомобиль техник паспорти ёки норурар жой кадастри каби);
- гаров эгасининг паспорт нусхаси;
- гаров эгасининг индентификацион рақами (ИНН);
-  кредит олиш учун гаров сифатида нотурар жой (турар жой гаров бўла олмайди), автомашина ёки қимматбаҳо тошлар ва тақинчоқлар қўйилиши мумкин;
- гаровга қўйиладиган автомашина ишлаб чиқарилган йили 2002 йилдан юқори бўлиши лозим (Автомобиль ва нотурар жой каби гаров мулклари банк томонидан бепул баҳоланади. Қимматбаҳо тош ва тақинчоқлар эса ҳуқуқий мақомга эга махсус баҳолаш марказларида амалга оширилади (масалан, Тошкент шаҳрида Чилонзор тумани, Новза маҳалласидаги Олтин маркази қимматбаҳо буюмларни баҳолаш билан шуғулланади). Яъни қимматбаҳо тақинчоққа таниш заргарнинг берган баҳоси ҳақиқий ҳисобланмайди;
- шунингдек, гаров эгаси кредит олувчи шахснинг ўзи ёки учинчи шахс бўлиши ҳам мумкин;
- гаровга қўйилган мулкнинг эскириб, қиймати тушишини инобатга олган ҳолда, бозор баҳосидан 80% гача кредит тақдим этилади (бу миқдор энг кам иш ҳақининг 100 баробаридан ошмаган ҳолда).

3. Олди-сотди шартномаси:

- олди-сотди шартномаси (банк томонидан тақдим этилади);
- парранда сотадиган одамнинг паспорт нусхаси (агар жисмоний шахс бўлса);
- ферма шартномаси (агар сотувчи ферма бўлса, ферма гувоҳномаси, ферма директори паспорт нусхаси);
- парранда сотадиган шахснинг яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғинидан маълумотнома (банк томонидан тақдим этиладиган махсус бланка асосида тўлдирилади);
- парранда сотувчиси яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғинидан маълумотнома (уйида сотиш учун паррандалари бор мазмунида).

Қандай жисмоний шахсларга агрокредит берилмайди?

- ўз ҳовли-жойига эга бўлмаган (масалан, кўп қаватли турар-жойларда истиқомат қиладиганлар);
- ҳовли-жойида парранда боқиш учун шароити бўлмганлар (банк менежери ёки инспектори томонидан келиб шахсан текширилади);
- кредит сўралгунга қадар парранда боқмаган ёки оз миқдорда боққан (ҳеч бўлмаса, 50 бош товуғи бўлиши керак);
- гаров мулкига эга бўлмаганлар;
- доимий даромадига эга бўлмаганлар (яъни кредит олувчи тўлов қобилиятига эга бўлиши лозим). 

Кредит олиш чоғида юзага келадиган харажатлар:

- банк хизмати учун кредит суммасидан 1.1% миқдорида;
- гаровга тикиладиган мулкни баҳолаш хизмати учун (юқорида ёзилганидек, агар гаров мулки автомашина ёхуд нотурар жой бўлса, банк томонидан текинга баҳоланади. Тилла ва бошқа қимматбаҳо буюмлар махсус жой ва мутахассислар томонидан баҳоланади);
- суғурта хизматлари учун (сумма суғурта компанияси ставкалари ва мулк қийматидан келиб чиқади);
- нотариус хизматлари (тахминан 200 минг сўмдан 300 минг сўмгача);
- кредит пулини ўтказишга очиладиган карта тўлови (ҳамма банкларда бир хилда давлат курсида 5 еврони ташкил қилади) тўловлар. 

Кредит маблағини суиистеъмол қилиш

Кредит олингач, ажратилган пул тўғри сарфланаётганига ишонч ҳосил қилиш учун 2 йил давомида исталган пайт банк нозирлари томонидан мониторинг ўтказилиши мумкин. Хусусан, кредит чиққач, бир ой ичидан мониторинг амалга оширилади. Агар маблағ мақсадсиз ишлатилгани қайд этилса, ўша мақсадсиз сарфланган маблағ қисмига нисбатан 25 фоиз жарима ундирилади ҳамда мақсадсиз сарфланган маблағ тўлиқ ҳолда ундирилади. 
Ноила Умарова

Теглар:паррандачилик “Qalampir” Фуқаролар қабулхонаси кредит 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

фарогат
09:42 08.06.2017

Жудаям тушунарли ва фойдали макола учун сайт ходимларига катта рахмат, кичик уз оиласи учун иссикхона курмокчи булганларга хам мутахассис маслахатини кутиб коламиз.Мени углим ховлимизда уз эхтиёжимиз учун етарли махсулот олишга мулжалланган кичик иссикхона куришга кизикяпти, лекин хеч ким ургатишни хохламаяпти, иложи булса кандай бошлаш керак, уруглик ва озука угитларни каердан олиш ва качон экиш керак каби саволларга ечим топишда ёрдам берсангизлар. Аввалдан рахмат.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар