...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент қарори билан кредиторларнинг ҳимояси кучайтирилади


21:28, 23.11.2018 Жамият
 5 247

Қарорга кўра, тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмларини такомиллаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кредиторларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” каналида маълум қилинди.
 
Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан:
 
  • гаров билан таъминланмаган кредиторлар талабларини гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қондириш қарздор ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда гаров реестрига қарздорнинг мол-мулкига бўлган ҳуқуқлари тўғрисида ёзув киритилган санага кўра календарь кетма-кетлигида амалга оширилади. Бунда, ушбу тартиб қарздорнинг ҳисобварағидаги пул маблағлари унга қўйилган барча талабларни қондириш учун етарли бўлмаган тақдирда, пул маблағларини ҳисобдан чиқариш навбатига тадбиқ этилмайди;
 
  • гаров реестрига қарздорнинг мол-мулкига бўлган ҳуқуқлари тўғрисида ёзув киритган кредитор-гаровга олувчилар ўз талабларини қондиришда гаров реестрига тегишли ёзувни киритмаган кредитор-гаровга олувчиларга нисбатан устувор ҳуқуққа эга бўладилар;
 
  • мол-мулкни харид қилишни уни таъминот сифатида қўйиш эвазига молиялаштирган кредитор гаров реестрига тегишли ёзувни киритган тақдирда, ушбу мол-мулк ҳисобидан ўз талабларини қондиришда устувор ҳуқуққа эга бўлади;
 
  • навбатдаги гаровга қўйишга гаров реестрига тегишли ёзувни киритиш шарти билан аввалги гаровга олувчининг розилигисиз рухсат этилади;
 
  • гаровга қўювчи томонидан гаров предметини ижарага беришга гаров реестрига тегишли ёзувни киритиш ва бу ҳақда гаровга олувчини хабардор этиш шарти билан гаровга олувчининг розилигисиз рухсат этилади.
 
Қарор билан:
 
  • шартномада ўзгача қоида белгиланган бўлмаса, қарздорнинг мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун тақдим этилган мол-мулкидан фойдаланиш ёки уни сотишдан олинган ҳосил ва даромадларга кредиторнинг устувор ҳуқуқи татбиқ этилади;
 
  • лизинг, бўлиб-бўлиб тўлашни назарда тутувчи олди-сотди, ижара ёки бошқа битимлар объекти бўлган ҳамда ушбу битимларда мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун қўйилган мол-мулкка гаров учун белгиланган ундирув қаратиш тартиби тадбиқ этилади;
 
  • ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, гаров предмети ёки кредиторнинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш предмети сифатида қўйилган кўчар мол-мулкка ундирувни қаратишга суд буйруғи институти тадбиқ этилади.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Президент қарори Кредитор 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар