...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Муносабат”га муносабат: Журналист кадрлар тақчиллигига ким айбдор? Таълимми ёки?..


13:58, 28.01.2018 Жамият
 4 412

“Муносабат”да муносабат билдиролмаган доцент мақола орқали қолиб кетган фикрларини баён этди.

Аввалроқ, сиёсий шарҳловчи Қуддус Аъзамовнинг “Ўзбекистон” телеканали орқали эфирга узатиладиган “Муносабат” ток-шоусининг навбатдаги сонида журналист кадрлар етиштиришдаги муаммолар, соҳада кадрлар тақчиллиги масаласи муҳокама этилгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу кўрсатувда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети доценти Амрулло Каримов ҳам иштирок этганди. “Муносабат”да муносабат билдиролмаган доцент мақола орқали қолиб кетган фикрларини баён этди. 

МТРК “Муносабат” кўрсатуви ҳақида баъзи мулоҳазалар
 

Кеча Қуддус Аъзамнинг “Муносабат” кўрсатувида иштирок этдим. Мавзу журналист кадрлар тайёрлаш соҳасида муаммолар хусусида эди. Кўрсатув – ток-шоу жанрида.
 
Мен ток-шоулар хусусида номзодлик диссертацияси ёзганман. (Озми-кўпми бу ҳақда гапиришга ҳақим бўлса керак.) Унда бошловчи, экспертлар, томошабинлар ва экран қаршисида аудитория ҳам иштирок этади. Аммо, бу сонида экспертлар ва бир нечта томошабин иштирок этди холос. Биз факультетдан 4 нафар ўқитувчи, 20 дан ортиқ талаба борганмиз. Асосий гапни Сафар Остонов, Шуҳрат Жабборов, Ислом Ҳамро, Қамариддин Шайхов, Акбар Нурматов, Тўлқин Эшбекдан иборат экспертлар гуруҳи гапирди. Талабаларимиз ҳам гапираман, фикр билдираман, баҳсларда иштирок этаман, деб борган эди. Аммо, гапиришга навбат берилмади. Ўзи кўрсатувга 6 та эксперт керакми? Агар фақат уларнинг гапи билан чегараланадиган бўлса, давра суҳбати шаклида кўрсатув тайёрлаган маъқул эмасми? Ток-шоу дейиш шартми?
 
Айтмоқчи, мавзу доирасидаги асосий гап факультетлардан келаётган кадрлар саводсизлигига қаратилди. Бир факультетда 10 йилдан зиёд ишладим. Кадрлар йўқ, кадрлар саводсиз, кадрлар талабга жавоб бермайди сингари гаплар жаранглагани сари, йиллар давомида қўлимизда ўқиган, илм ўрганган, бакалаврлик, магистрлик ишини ҳимоя қилган ўнлаб укаларим, сингилларим кўз олдимда намоён бўлди. Расул Кушербаев, Жамшид Умрзоқов, Даврон Тожиалиев, Акмал Назаров, Даврон Азизов, Диёр Имомхўжаев, Муҳрим Аъзамжўжаев, Қамариддин Шайхов, Ареват Григорян, Шуҳрат Сатторов, Гулмира Шукурова, Азиза Қурбонова, Мўмин Ибодов, Лазиза Носирова, Беҳзод Мамадиев, Саидабдулазиз Юсупов, Севара Алижонова, Бобур Мамадалиев, Шаҳзод Ғаффоров, Мафтуна Ашурова, Қобил Хидиров, Муслим Мирзажонов, Феруза Элмуродова... рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. (Дарвоқе, уларнинг айримлари хорижда ўқиб келишган. Ўзбекистондаги биринчи блогер ҳам шу ерда таҳсил олган. Бош муҳаррир ва бошқа масъул лавозимларда ишлаётгани анча-мунча. “Америка овози”да бизнинг талабамиз бор. Бир нечта электрон нашр асосчилари ҳам бизда ўқиган ва бошқалар).
 
Эътибор беринг, уларнинг биронтасини шогирдларим демаяпман. Сабаби, бундай даъво қилишга, гарчи уларга сабоқ берган бўлсам-да, улар тан олмагунча ҳақим йўқ. Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмайди. Соҳага адашиб кирганлар ҳам бўлган. Бошқа соҳада адашиб юрганлар йўқми? Афсуски, бу муаммо бошқа соҳаларга ҳам бегона эмас.
 
Журналистика мунтазам меҳнат, ёзиб туришни талаб қилади. Факультетга кираётганларнинг аксарияти қизлар. 2-3 курсда уларнинг аксарияти турмушга чиқади. Оилавий сабаб, ўқиш ҳам, иш ҳам бир четда қолади. Айрим эркаклар аёлини ишлатгиси келмайди. Қарабсизки, кадрлар тақчиллиги юзага келади.
 
Кўрсатувда қабул жараёни хусусида сўз борди. Ёз бошланиши арафасида таҳририятларга қўнғироқ бўлиши, ижодий материал чиқариш учун мақолага абитуриент исми, шарифи тиркаб қўйилиши ҳақида гапирилди. Бу хато дейилди? Бу хато кимники? Ижодий имтиҳонда мақола ёки сценарий, ижодий қобилиятинг бўлмаса, ҳужжатингни қабул қилмаймиз дейдиган бизми, индамай ўша абитуриент исми-шарифини матбуотда чиқараётган муҳаррирми? Ижодий имтиҳон таркибининг асосий қисми журналистлардан шакллантирилади. Иншоларни она тили ва адабиёт ўқитувчилари текширади.
 
Узоққа бормайлик, Халқаро журналистика факультетидаги сўнгги йилдаги ижодий имтиҳон шов-шувларга сабаб бўлди. Иншосидан норози бўлган ҳар бир абитуриент билан юзма-юз гаплашилди. Иншолардаги мазмун, грамматик, орфографик, пунктацион, услубий хатолар холис айтилди. Тўғриси, саводхонлик масаласи чиндан ҳам оғир. Кўрсатувда кўтарилган бакалаврни тугатган ёшнинг савод масаласи чатоқлиги, журналистика факультетлари ўқитувчилари бекор юрибди дегани эмасда? Ўқувчилар имло қоидаларини мактабда ўрганади. Биз дарсларда 4 йил эга-кесимни ўргатмаймиз. Жанрлар ҳақида тушунча берамиз, сценарий ёзишни ўргатамиз, этика ва ҳуқуқни ўргатамиз ва ҳоказо. Мактабда савод яхши чиқмагач, бу ёқдаям талаба оқсайди.
 
Яна бир оғриқли масала. Талаба амалиётга борди. Таҳририят уни қабул қилади. Қабул қилмаса у қайтиб келиши ёки бошқа таҳририятга амалиётга бориши мумкин. Агар, талаба амалиётга борсаю, мақола чиқазмаса, жараёнда иштирок этмаса, фаолиятга қандай баҳо беради, йўлланмага нега таҳририят бош муҳаррири муҳр босади, имзо қўяди. Қарс икки қўлдан чиқади? Талаба муҳр босилган амалиёт йўлланмаси ёки эълон қилинган материал билан ўқитувчи олдига келмаса, унинг амалиёти баҳоланмайди. Ваҳоланки, йўлланмаларнинг бари муҳр ва имзо билан тасдиқланган. Бу масалада сувдан қуруқ чиқишга уринмайлик.
 
ОАВ таҳририятлари ўзини оқлаётган бир пайтда, таълим муассасалари жим туриши ҳам тўғри эмас. Сифат шунчалик ёмон бўлса, шунча журналист қаердан келяпти. Кадрлар тақчиллиги бор. Аммо, бу факультетлар ишламаяпти дегани эмас, ҳар ҳолда.
 
Ўтган бир йил давомида мамлакатимизда телеканаллар сонининг кескин тарзда ошиши туфайли, факультетга ҳар бир каналдан директор, муҳаррир, режиссёрлардан иборат гуруҳ келиб, энг сара талабаларни ишга таклиф этиб кетди. Телевидениенинг таъсирчан восита эканлиги, шоумен бўлишга интилишнинг кучлилиги туфайли талабаларнинг бир қанчаси ишга ҳам жойлашиб олди. Хусусий телеканал ва нашрлар ҳам ёшларни ўзига жалб этаётгани айни ҳақиқат. Газеталарнинг тили содда, тиражи юқори, қалам ҳақини яхши тўлайди. Давлат газеталарининг талаби катта. Аммо, “Маърифат” сингари бир нечта газета ўз атрофига ёшларни бирлаштира олган. Талабалар “Маърифат”да амалиёт ўташни яхши кўради. Сабаби аниқ. Ижодкорлар уларни илиқ кутиб олади, иш ўргатади, 0,25 ставкага ишга қабул қилади, ўзи учун кадр тайёрлайди. Керак бўлса, ой охирида “Талаба-журналистнинг энг яхши ижодий иши” деган танлов эълон қилиб, рағбатлантиради. Ижодий рақобат талабага куч бағишлайди. Бу тажрибани “Жамият”, “Халқ сўзи” сингари бошқа нашрлар ҳам йўлга қўяётгани бизни қувонтиради.
 
Хўш, телеканаллар амалиётчиларни қандай кутиб оляпти? Бугун хусусий телеканалларнинг томошабини ҳам, у ерга бориб ишлашни орзу қилаётган талабалар ҳам кўп. Чунки, у ерда ижод учун эркин муҳит бор. Телеканаллар илиқ кутиб оляпти. (Хусусий каналлардаги кўрсатувларнинг сифатига тўхталмайман. Бу алоҳида мавзу.) Ундан ташқари, бозор шароитида ҳар ким қаерни маъқул кўрса, ўша ерда ишлайди. Ё талабани мажбурлаб амалиётга жўнатамизми? Кадрларнинг давлат канали ёки матбуот нашрига бормаётганининг боисини маҳсулотимиз сифатидан, бераётган қалам ҳақининг камлигидан қидиришимиз керакдир?!
 
Яқинда менга давлат каналларидан бирининг вакили мурожаат билан чиқди. Биз информацион дастурнинг ташқи кўринишини, бошловчиларни ўзгартирмоқчимиз, шунга янги чеҳралар керак, деди. Мен унинг гапига ишониб 40 та талабани йиғиб кастингга олиб бордим. Масъул ходимлар улар билан суҳбатлашди, 20 тачасини саралаб студияга олиб кириб, синовдан ўтказди. 7-8 тасининг исми-шарифини ёзиб олиб, чақирамиз дейишди. Афсуски, бирорта болани на ишга, на бошловчиликка жалб қилишди. Кастинг натижаларини эълон ҳам қилишмади. Кастингга олиб борган педагог сифатида талабалар саволига ҳалигача жавоб беролмайман. Канал масъуллари бизни алдашди. Талабаларнинг каналга бўлган меҳри, илиқ муносабати сусайди. Мен ўқитувчи сифатида уларнинг даражасини яхши биламан. Улар орасида бошқа каналларда лавҳа ёки кўрсатув тайёрлаб юрадиганлар бор эди. Биз талабалар иштиёқини сўндирдик. Мен борганларнинг барчасини саводсиз деёлмайман.
 
“Qalampir.uz”нинг раҳбари Қамариддин Шайхов халқаро журналистика факультетида интернет тармоғи йўқлигини бир неча марта таъкидлади. Лекин, ўқитувчилар дарсларда глобал тармоқдан мутлақо фойдаланмайди, деган хулосага келиш нотўғри. Бугун интернет журналистика бўйича етук мутахассисларнинг бир нечтаси ана шу даргоҳда ишлаш билан бирга, ўзининг шахсий сайтига эга. Ортиқча сарф-харажат бўлса-да, уяли алоқа ёки модемлардан фойдаланган ҳолда машғулот олиб боради. Ўтган бир йил давомида халқаро ўқитувчилар алмашинуви доирасида профессор-ўқитувчилардан иборат икки гуруҳ Жанубий Корея ҳамда Ҳиндистонда бўлиб қайтди. Конференция ва учрашувлар ўтказилди, меморандум имзоланди. Ҳар бир тадбир икки мамлакат оммавий ахборот воситаларида, хусусан интернет тармоғида фаол ёритилди. Факультетнинг интернетга уланмагани глобал тармоқда уларнинг фаол эмаслигига асос бўлолмайди.
 
Кадрлар тақчиллиги масаласи ўртага қўйилар экан, шу масалага дахлдор бўлган 1999 ва 2006 йилларда белгиланган вазифалар ижроси, факультетларнинг моддий-техник базаси ғариблиги ҳақида нега биронта нашр шу пайтгача лом-мим демади? 2000 йилларда беғараз ёрдам сифатида факультетга тақдим қилинган, маънан эскирган ўқув радиостанциясини ҳалигача иложсизликдан ишлатяпмиз. Ўқув телестудияси масаласи алоҳида муаммо. Типография учун иккита принтер беғараз ёрдам сифатида берилди. “Халқаро журналист” ўқув газетасини амал-тақал ўз ҳисобимиздан чоп қиляпмиз. Факультет ва кафедра сайти ишлаяпти. 15 йилдан бери техника учун керакли жиҳозлар рўйхатини шакллантириш тўғрисида топшириқ ёки кўрсатма келаверади. Биз рўйхат бераверамиз. Натижа эса йўқ!!!
 
“Муносабат” кўрсатувида янги таълим даргоҳи – Орзуйимдаги университет ҳақида ҳам гапирмоқчи эдим. Аммо навбат тегмади.
 
Амрулло Каримов,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
Халқаро журналистика факультети доценти

Теглар:Амрулло Каримов Журналистика Халыаро журналистика факультети Муносабат Қуддус Аъзам 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар