...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Мақом” китоб-альбомининг аҳамияти нимада?


12:26, 28.11.2018 Жамият
 1 625

“Мақом” китоб-альбоми халқимизнинг маданий меросини янада бойитишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида “Мақом” номли китоб-альбом нашр этилди
 
Ушбу китоб-альбом ижодий жамоасига Президентнинг собиқ Матбуот котиби Комилжон Алламжонов раҳбарлик қилган.
 
Ўзбек халқининг ноёб мусиқий меросини асраб-авайлаш ва келгуси авлодга безавол етказишга хизмат қилувчи ушбу нашр қадимги мутафаккирлар, аллома ва шоирларнинг мақом санъатига бағишланган рисолаларига оид бўлимларни ўз ичига олган.
 
Ушбу китоб ҳақида Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, режиссёр Баҳодир Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Матлуба Дадабоева ушбу китоб ҳақида “Халқ сўзи” нашрига ўз муносабати билдирди.
 
Баҳодир ЙЎЛДОШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, режиссёр:
 
Мақом — илоҳий санъат. Уни идрок қилиш учун инсонда, аввало, қалб, илм, билим керак. Уни борлигича идрок этишни мақсад қилган инсон китобга, ўзбек адабиёти ва тарихига мурожаат этиши лозим.
 
Биз, санъат аҳли, халқимизнинг илғор зиёлилари ёшларда мақом санъатига тўғри муносабатни шакллантириш учун ушбу маданий меросимизнинг сеҳрли кучини, жозибасини, улуғворлигини уларнинг онгу қалбига етказиб бера олишимиз керак.
 
Давлатимиз раҳбарининг мақом санъатини ривожлантиришга қаратилган қарори қабул қилинишидан тортиб, шу йил 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжуманининг ўтказилиши аждодларимиздан бизгача етиб келган нодир мусиқий меросни тарғиб қилиш, уни жаҳон миқёсида тараннум этишга имконият яратди. Юртбошимиз ташаббуси билан “Мақом” китоб-альбомининг нашр қилиниши эса халқимизнинг нодир санъатини янада оммалаштиришга қаратилганмуҳим бир қадамдир.
 
Ушбу китоб-альбомда ўзбек миллий мақом санъати йўллари, ривожланиш тарихи батафсил тасвирланган. Жумладан, Бухоро мақоми, Хоразм мақоми, Фарғона — Тошкент мақоми тарихи, миллий нота ёзувининг кашф этилиши, унинг воситасида яратилган Олти мақомнинг ноталаштирилиши, мақом ижрочилигида кенг қўлланиладиган созларни ясашнинг ўзига хос хусусиятлари ва технологияларига доир маълумотлар ўқувчида кенг тасаввур ҳосил қилади. Ушбу китоб-альбом халқимизга, айниқса, ёшларга ўзбек миллий мақом санъатини янада яқинлаштиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
 
Матлуба ДАДАБОЕВА,
Ўзбекистон Республикаси халқ артисти:
 
— Ҳақиқатан ҳам, “Мақом” китоб-альбомининг нашр этилиши барчамизни ниҳоятда қувонтирди. Китобда халқимизнинг маданий тараққиётига, жумладан, мақом санъати ривожига катта ҳисса қўшган Абу Наср Форобий бобомиздан тортиб, Ибн Сино, Мароғий, Кавкабий каби алломаларимиз, атоқли инсонларнинг ҳаёт ва ижод йўлига доир маълумотлар келтирилган. Улар санъат ихлосмандларини, ёшларни ўзига бир зумда жалб қилиши табиий. Зеро, мақом куйларида илоҳийлик, унга пайванд бўлган ғазалларда ўзгача тароват бор.
 
Президентимиз томонидан халқимизнинг маънавий бойлигини асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлардан илҳомланиб, “Устоз — шогирд” мактаби анъаналари асосида ушбу санъатни янада равнақ топтиришга, ёшлар онгига унинг умуминсоний мазмун-моҳиятини теран сингдиришга бор куч-ғайратимизни сафарбар этишга интиламиз.
 
Китобда мазкур санъатнинг фалсафаси, Форобий, Ибн Сино,  Мароғий, Кавкабий каби алломалар асарлари, турли мақом йўллари, жумладан, Бухоро Шашмақоми, Хоразм Олти ярим мақоми ва Дутор мақоми, Фарғона-Тошкент мақоми тарихига алоҳида эътибор қаратилган. “Танбур чизғилари” деб номланган миллий нота ёзувининг кашф этилиши ҳамда унинг воситасида Олти ярим мақом, Дутор мақомларининг ноталаштирилиши, шу билан бирга, ўтган аср бошларида мақомнинг илк бора перфокарталарга муҳрланиши ёритилган. Шунингдек, мақом ижрочилигида кенг қўлланиладиган созларни ясашнинг ўзига хос хусусиятлари ва технологияси баён этилиб, машҳур усталарнинг номлари келтирилган.
 
Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари маданий тараққиётида мақомнинг тутган ўрни ва мактабларини акс эттирувчи бетакрор, кенг кўламли фотокомпозициялар билан безалган нашрда мазкур йўналишдаги санъатнинг сўнгги юз йиллик тарихига оид нодир фотосуратлар ҳам ўрин олган.

Теглар:Мақом 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар