Ўрта осиёда ягона китоб маркази, дея эътироф этилаётган “Китоб олами” дўконидан 5 мингдан ортиқ номдаги 60 мингдан зиёд адабиётларни топиш мумкин.
Жорий йилнинг октябрь ойидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимида “Китоб олами” савдо мажмуаси иш бошлади.
Дизайни, маҳобати, ҳам шарқ, ғам ғарб бинокорлик хусусиятларини ўзида мужассам этган мазкур мажмуага кирган заҳотингиз, ўзингизни худди эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис қилишингиз шубҳасиз. Теварак атрофингизни ўраб турган ранг-баранг китоблар оҳанрабодек сизни ўзига жалб қилиши аниқ. Бугун мазкур мажмуада 21 та бўлим китобхонларга хизмат кўрсатяпти. Ўрта осиёда ягона китоб маркази – дея эътироф этилаётган дўкондан 5 мингдан ортиқ номдаги 60 мингдан зиёд адабиётларни топиш мумкин.
Аҳоли, айниқса, ёш авлодда китобга бўлган муҳаббатни шакллантириш, юксак маънавиятли баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида мазкур зиё масканида ҳар ҳафтанинг якшанба куни соат 17:00 да болалар учун театр томошалари ҳам ташкиллаштириляпти.
Эслатиб ўтамиз, бугун мамлакатимизда 110 та нашриёт фаолият юритиб келмоқда. Буларда йилига 8 минг номдаги 40-50 миллион нусхада китоблар чоп этилади.