Шоира Фарида Афрўзнинг Эркин Воҳидов хотирасига битган шеърига ҳам интернет фойдаланувчиларидан бири “Энди марсия битишдан фойда йўқ, устоз ҳаётлик вақтида ҳеч ким ундан хабар олмади”, деб изоҳ қолдирди.
“Ҳеч ким йўқламади деган гаплар ғирт ёлғон, ғирт туҳмат, турган-битгани бўҳтон гаплар. Бундай фитна гаплардан йироқ бўлинглар. Устозни йўқловчилар кўп ва хўп бўлди. Шахсан ўз кўзларим билан кўп шогирдларини атрофларида парвона бўлганларининг гувоҳи бўлдим. Такрор айтаман, бўҳтон қилманглар. Туҳмат – ноҳақ одам ўлдириш билан тенг. Умрларининг сўнгги кунларида устозга малол бўлмасин, толиқтириб қўймайлик, деб ёнларига киришга ҳаммага ҳам рухсат бўлмади, аммо ўзлари кўришни истаган одамларнинг кети узилмади.
Барака топгурлар, шоир алам билан қўлига қалам олса, бунақа кескин фикр билдириб ташламанглар. Доктор даволайди, гўрков ўлик кўмади. Шоир кўнгли тусаган мавзуда қоғоз қоралайди. Фитначи фитна тарқатиш билан оввора бўлади. Сиз фитначи эмассиз-ку, ундай қилманглар, илтимос. Устоз роҳат-фароғатда, обрў-эътиборда яшадилар ва боқий дунёга ҳам ана шундай мақомда кузатилдилар”.