...
МЕНЮ
ONLINE TV

Юрагим бақувват бўлсин десангиз...


11:45, 05.02.2019 Саломатлик
 10 995

Агар юракда муаммо юзага келса, бошқа тана аъзоларига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Саломатлик борасида инсон танасининг ҳар бир аъзоси алоҳида аҳамиятга эга. Бироқ камдан-кам ҳолларда санчиш, жуда секин ёки жуда тез уриш орқали хаста эканлигини сездириб турадиган юрак фаолиятига ҳам эътибор бериб туриш лозим. Агар унда муаммо юзага келса, бошқа тана аъзоларига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Натижада сурункали чарчоқ, кўнгил айниши, бош айланиши каби сезилар-сезилмас касалликлар безовта қила бошлайди.
 
Юрак касаллиги кўп ҳолатларда қон босимининг кўтарилиб кетиши ва аксинча, тушиб кетишига бевосита боғлиқ бўлади. Унинг олдини олиш учун нафақат спорт билан шуғулланиш, балки тўғри овқатланиш тизимига риоя этиш ҳам талаб этилади. Қуйида юрак саломатлигига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маҳсулотлар билан танишишингиз мумкин:
 
  • Балиқ. Биласизми, балиқ соғлом овқатланишнинг энг муҳим қисми ҳисобланади. У нафақат юрак фаолиятини яхшилайди, балки кўз нурининг равшанлашишига, асабни тинчлантиришга ҳам ёрдам беради. Янги тутилган балиқни қовуриб ёки димлаб истеъмол қилиш юракни зарурий антибиотиклар билан таъминлайди;
 
  • Гулкарам. Жуда кўп одамлар таомни кўкат билан истеъмол қилишни хушлайди. Бунинг ўрнини гулкарам ёки карамдошлар оиласига мансуб бўлган маҳсулотларни тановул қилиш орқали ҳам тўлдириш мумкин. Бу орқали яллиғланишни камайтириш, овқат ҳазм қилишни тартибга солиш ва холестерин даражасини камайтириш мумкин;
 
  • Жигар. Бу айнан соғлом ҳаёт учун мўлжалланган гўштли маҳсулот ҳисобланади. У организмдаги оқсил, витамин В, С, темир моддаларига бўлган эҳтиёжни қондира олиши билан ҳам аҳамиятли;
 
  • Картошка. Бу маҳсулот парҳез ва юрак хасталиги хавфини камайтириш учун тавсия этилади. Унда қон босимини тушириши мумкин бўлган муҳим миқдорда калий мавжуд;
 
  • Олма. Унинг таркибида жуда кўп миқдорда антиоксидант полифеноллар бўлиб, улар холестерин миқдорини мувозанатда ушлаб туришга ёрдам беради. У юрак касалликларини олдини олиш билан бир қаторда, саратон хавфини камайтиришга, ўпкани ҳимоялашга ва иштаҳани назорат қилишга ёрдам беради;
 
  • Ёнғоқ. Азалдан одамлар фақатгина хотирани яхшилаш учун ёнғоқ истеъмол қилишган. Шу сабабли унинг бошқа фойдали жиҳатлари иккинчи даражада қолиб кетаверган. Аслида эса у жуда тўйимли мева бўлиб, нон билан бирга истеъмол қилинса, узоқ вақтгача очликдан асрайди. Майиз билан истеъмол қилинса, қондаги гемоглобин миқдорини оширади.
 
  • Қора шоколад. Оддий шоколаддан фарқли ўлароқ, қора шоколад таркибида юрак, қон-томир фаолиятини яхшилайдиган элементлар юқори бўлади. Уни ўз меъёрида истеъмол қилиш қон босимини пасайтириш, қон оқимини яхшилашга ёрдам беради. Шунингдек, қора шоколад ўртача аччиқликда бўлса, асабни тез тинчлантиради. Кўк чой билан биргаликда истеъмол қилинса, мияга хотиржамлик бағишлайди.
 
Ўз саломатлигингиз ва юрак фаолиятингизни яхшилашни истасангиз, албатта, юқоридаги маҳсулотларни тез-тез истеъмол қилиб туринг.  
Манзура Сайфиддинова

Теглар:Юрак 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!