
ЙПХ ходимлари автомобиль ЙТҲга учраганидан кейин ҳеч нарса бўлмагандек воқеа жойида оддий томошабиндек ўтиб кетишган.
Ҳуқуқбузар автомобили Шайхонтоҳур тумани Олмазор ва Ислом Каримов кўчалари туташган чорраҳадан катта тезликда светофорнинг ҳаракатни тақиқлайдиган сигналини эътиборга олмасдан ўтиб кетиб “HOWO” русумли миксер юк машинасига тўқнашди. Воқеага гувоҳ бўлганларнинг маълум қилишича, ЙПХ ходимлари автомобиль ЙТҲга учраганидан кейин ҳеч нарса бўлмагандек воқеа жойида оддий томошабиндек ўтиб кетишган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси мазкур ҳодиса юзасидан расмий баёнот билан чиқди. Унда маълум қилинишича, ЙТҲ натижасида Lacetti ҳайдовчиси 29 ёшли Журабек А. тан жароҳатлари билан шифохонага етказилди. Олд ўриндиқдаги йўловчи 26 ёшли Шахбоз Х. олган тан жароҳатлари натижасида воқеа жойида ҳалок бўлди. ЙТҲ факти асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (“Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Тергов давомида ЙТҲ сабаблари ва ҳайдовчининг тезликни оширишига сабаб бўлган ҳолатлар аниқланади.
Ҳуқуқбузарни таъқиб қилиб келган ходимларга нисбатан хизмат текшируви тайинланди. Текширув натижалари ҳақида алоҳида маълумот берилади.