Ёшларнинг мавзу тополмасдан ёппасига севги-муҳаббатга ўтиб кетиши ўта саводсизликка сабаб бўлмоқда.
Аммо сўнгги пайтларда телевидение ва радио орқали янграётган ёхуд интернет сайтларида эълон қилинаётган қўшиқларнинг савияси қай даражада? Уларнинг тарбиявий жиҳатлари-чи?
Ёшларимиз бугун қайси мавзуларда хониш қилмоқда? Қўшиқчиликда болаларимиз учун қай даражада ўрнак бўладиган йўналишлар яратдик? Мана шу саволларга “Булбулча” болалар ва рақс ансамбли раҳбари Ўзбекистон халқ артисти Шермат Ёрматов қуйидагича жавоб берди:
“Ҳозир 90 фоиз ёшларимиз (ўқувчиларимиз) севги-муҳаббат, ишқий мавзудаги қўшиқларни баралла куйлаб юрибди. Бундан ўқитувчиси ҳам, ота-онаси ҳам мени болам қўшиқ айтяпти, деб хурсанд. Лекин унинг мазмуни тарбияга, маънавиятга қандай салбий таъсир этишини ўйлаб кўрмайди. Бунда мен ҳеч кимни айбдор демайман, бироқ бир кунда эфир ва радио орқали ўн-ўн беш марта такрорлаб эшитгандан кейин, албатта, уни ёдлаб олади”.
Шунингдек, Шермат Ёрматов бир вақтлар бастакорлар жуда мазмунли ва самарали ижод қилгани, улар болалар учун махсус куйлар яратиб, студияларга олиб келиб берганларини хотирлайди.
“Ҳозир эса мен ялиниб юрибман: илтимос, бастакорлар, мана шу мавзуда қуй керак!”
Халқ артисти болалар қўшиқларидаги камчиликларни ҳам санаб ўтди. Масалан, болалар учун ҳазил қўшиқлар умуман йўқлигини таъкидлайди.
У бугунги кунда жуда кўп такрорланадиган маъносиз қўшиқлар ва уларнинг беўхшов куйларини танқид қилиб, бу қўшиқчилик учун фожиа эканини айтиб ўтди.
Бундан ташқари, Ёрматов охирги ўн-ўн беш йилдаги бирорта композиторни тилга ололмаслигини урғулади.
“Композиторлар ҳозирда катта-катта асарлар-симфониялар ёзяпмиз, деб айтишади. Агар улар битта болалар қўшиғи учун куй басталаса, ўнта симфониясидан ҳам машҳур бўлиб кетади.
Қолверса, бола ўзи учун аталган куйларни ёдлаб, қалбига жойлаб олса, унинг фойдаси кўпроқ бўлади”, деб давом этди Шермат Ёрматов.
Шермат Ёрматов эфирларда бундан бир неча йиллар олдин яратилган, халқ тилидан тушмай келаётган қўшиқларни эскирган эмас, олтин мерос эканини айтади.
Авваллари “Ғилдирагим”, “Чип-чип жўжаларим” номли машҳур болалар қўшиқлар бўларди. Биз шуларни куйлаб улғайдик. Ҳозирги болалар-чи? Сизнинг фарзандингиз кимни эшитяпти?