Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони соҳибининг ҳар ойда иш ҳақи ёки пенсиясига қўшимча оладиган устамаси миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баробарини ташкил этади, бироқ...
Малакатимизда юксак унвонлар билан тақдирланганларга бир қатор имтиёзлар берилади. Хусусан, маош ва пенсияларига устамалар қўшилади, маълум хизматлардан фойдаланишда бепул тизим ёки чегирмалар жорий қилинган. Айтайлик, Ўзбекистон халқ артистлари ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК тасарруфидаги аэропортлар бизнес классларидан бемалол фойдаланишлари мумкин. “Ўзбекистон Қаҳрамони” бўлганлар эса бундай имкониятлардан мосуво. Хўш, нега? Ҳуқуқшунос ушбу масалага эътиборини қаратди.
Ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан – фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартибини кенг жорий этиш зарур.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Абдукамол Раҳмонов, ҳуқуқшунос
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига йўллаган Мурожаатномасида “Очиқ тан олиш керак, аксарият ҳолларда бирон-бир масалани аниқ ҳал этмайдиган, бир-бирига тўғри келмайдиган қонун ва қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалда кўплаб муаммолар туғдирмоқда”, деган сўзларини чуқур мушоҳада қилиб, ушбу таклифни киритишни лозим топдим.
Фахр ва ифтихор билан таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг самарали меҳнати эъзозланади, қадрланади. Давлат мукофотларига муносиб шахслар Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдирланиши белгилаб қўйилган. Шундай мукофотлардан бири ва энг олий даражадагиси – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонидир.
Бу олий мукофот билан фуқароларимиз Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонини белгилаш ва олий нишон — “Олтин юлдуз” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда шу қонун билан тасдиқланган “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони тўғрисидаги Низом асосида тақдирланади.
Мазкур Низомнинг 6-моддаси биринчи хатбошисида “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган шахслар ойлик иш ҳақига ёки пенсияга қўшимча равишда энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида ой сайин тўланадиган устама мукофот оладилар”, деб белгилаб қўйилган ва бу талаб ҳозирги кунда ҳам амалда.
Бу устама миқдорини бошқа устама белгиланган мукофотлар билан солиштирадиган бўлсак, сезиларли даражада номутаносибликлар мавжуд. Оддий қилиб айтганда, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони соҳибининг ҳар ойда иш ҳақи ёки пенсиясига қўшимча оладиган устамаси миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баробарини ташкил этган айни пайтда “Ўзбекистон Халқ артисти”нинг ҳар ойда иш ҳақи ёки пенсиясига қўшимча оладиган устамаси миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробарини, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”нинг ҳар ойда иш ҳақи ёки пенсиясига қўшимча оладиган устамаси миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 1,8 баробарини ташкил этади.
“Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони мамлакатимизнинг олий даражадаги мукофоти бўлганлиги сабабли Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонини белгилаш ва олий нишон — “Олтин юлдуз” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги Қонуни билан тасдиқланган “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони тўғрисидаги Низомнинг 6-моддаси биринчи хатбошисига ўзгартиш киритиш орқали Ўзбекистон Қаҳрамонига бериладиган устама миқдорини оширилиши, шунингдек ушбу унвон соҳибларига ҳам бошқа унвонлар соҳиблари учун жорий қилинган имтиёзларни эътиборга олган ҳолда қўшимча имтиёзлар берилиши бугунги ислоҳотларга тўлиқ мос бўлади.
Бунинг учун Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 5 майда қабул қилинган 1038-XII-сонли “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонини белгилаш ва олий нишон — “Олтин юлдуз” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги Қонуни билан тасдиқланган “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони тўғрисидаги Низомнинг 6-моддасидаги “энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида” деган жумлани “энг кам ойлик иш ҳақининг __ (масалан беш) баробари миқдорида” деган жумла билан ўзгартиш ва бошқа қонун ҳужжатларини бунга мослаштириш кифоядир.