Президент унвонларнинг масъулияти ва уни олиш учун қиланадиган меҳнат машаққати ҳақида сўз юритаркан, Ўзбекистон халқ артисти Таваккал Қодировни хотирлаб ўтди.
“Энг оммавий санъат бўлган эстрада санъатини ривожлантириш вазирлик эътиборидан четда қолмоқда.
Энг асосий камчилик – бу соҳада ижод қилаётган аксарият ижрочилар фаолиятида талабчанлик ва масъулият, ижтимоий жараёнларга дахлдорлик туйғуси тобора пасайиб бормоқда.
Мен ўз тажрибамдан яхши биламан, катта байрамларимизни – бу Мустақиллик, Наврўз ёки Конституция байрами бўладими – уларни ўтказишда бизни энг қийнайдиган, хунобимизни чиқарадиган нарса – бу эстрада дастури эканини ҳаммангиз яхши биласиз. Минг афсуски, мана шу ҳолат ҳали ҳам барҳам топгани йўқ.
Эстрада санъатидаги камчиликларнинг асосий сабаблари ҳеч кимга сир эмас. Кўпчилик қўшиқчилар масъулиятни унутиб, ўз устида ишламай қўйган, изланиш, маҳоратини ошириш, янги ижодий ғоялар билан яшаш, санъат дунёсига, мухлисларга ҳурмат каби тушунчалар уларга бегона бўлиб қолган, десак, қанчалик аччиқ бўлмасин, бу ҳам ҳақиқат.
Шундай санъаткорлар ҳам борки, унвон олгунича тинимсиз елиб-югуради, ҳол-жонингизга қўймайди. Унвон олдими, тамом, сувга тушган тошдек жим бўлиб кетади. Улардан унвонга яраша, халқнинг эътиборига яраша ижод қани, деб сўраш ўринлими ёки йўқми? Ижодкорнинг талаби билан бирга бурчи ҳам бўлиши керак эмасми?
Шу муносабат билан мусиқа санъати соҳасида фахрий унвонлар, авваламбор, “Ўзбекистон халқ артисти”, “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” каби мукофотлар билан тақдирлаш масаласини, бу борада қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатларни танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш вақти келди, деб ўйлайман”.
Президент унвонларнинг масъулияти ва уни олиш учун қиланадиган меҳнат машаққати ҳақида сўз юритаркан, Ўзбекистон халқ артисти Таваккал Қодировни хотирлаб ўтди.
“Кўпчилигимиз яхши биламиз, илгари “Халқ артисти” деган унвон олиш учун санъаткор неча ўн йиллар самарали ижод қилиши талаб этиларди. Масалан, машҳур ҳофиз Таваккал Қодиров “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонини олганидан кейин – шунга эътибор беринг – орадан 25 йил ўтиб, “Ўзбекистон халқ артисти” унвони билан тақдирланган эди. Яқин ўтмишдан бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Шу маънода, унвон беришда санъаткорнинг фақат тўртта қўшиғи эмас, унинг ижтимоий фаоллиги, муносиб шогирдлар тарбиялагани, эл-юрт ўртасидаги обрў-эътибори, энг муҳими, санъатга садоқати устувор мезон сифатида белгиланиши шарт. Бошқача айтганда, биз бу юксак унвонларнинг нуфузи ва обрўсини сақлашимиз лозим”.