Шавкат Мирзиёев ҳаммасини жуда яхши билади. Ҳатто, аксарият хонандалар лицензия учун тўланадиган пулни битта тўйнинг ўзидан топа олишини ҳам.
“Бизнинг халқимиз – санъатсевар халқ, ўзи севган, ёқтирган ижрочиларни нафақат телевизор ёки саҳнада, балки ўзининг яхши кунларида, тўй-ҳашамларида ҳам кўргиси келади. Буни ҳаммамиз тўғри тушунамиз. Минг афсуски, бугунги эстрада хонандаларининг аксарияти ҳали Янгийўлга, ҳали Шовотга, ҳали Янгиқўрғонга, ҳали Чироқчига тўйга қатнаш билан овора. Бошқа бирон масала билан иши йўқ.
Албатта, санъаткорда ҳам оила, бола-чақа бор, уларнинг ҳам ҳаётий эҳтиёжлари бор. Буниям тўғри тушунамиз. Лекин ижодни пулга, мол-дунёга алмаштирган одамдан санъат шафқатсиз ўч олади. Охир-оқибатда ҳар қандай ёрқин истеъдод ҳам сўниб, эл-юрт назаридан қолади”, дейди Президент.
Президент Шавкат Мирзиёев кўплаб учрашувларда республика ҳаётида рўй бераётган ҳар бир воқеа-ҳодисадан хабардорлигини, вақти-вақти билан муаммоларга ечим топилишини, ундан ҳеч нарсани яширишнинг ҳожати йўқлигини бот-бот такрорлайди. Бундан санъат соҳаси, хусусан телеканалларда эфирга узатилаётган бемаза клиплар, маъно-мазмунсиз қўшиқлар ҳам мустасно эмас. Давлат раҳбари ижодкорларнинг бугунги фаолиятига назар ташлар экан, ТВ орқали эфирга узатилаётган айрим клиплар ёшларга салбий таъсир кўрсатишини алоҳида таъкидлади:
“Шу ўринда, яна бир масалага сизларнинг эътиборингизни қаратмоқчиман. Гап санъаткор одоби, уларнинг юриш-туриши, кийиниш маданияти, муомаласи билан бошқаларга, энг аввало, ёшларимизга ўрнак бўлиши зарурлиги ҳақида бормоқда.
Хушовоз хонанда Санобар Раҳмонованинг бир пайтлар куйлаган дилбар қўшиқларини томошабинлар ҳозир ҳам соғиниб эслайдилар. Бу санъаткор телеэкранда ҳам, саҳнада ҳам иболи, ҳаёли, ҳақиқий ўзбек қизининг қиёфасини, чинакам образини яратиб, қанча-қанча қизларимизга ибрат бўлган эди.
Афсуски, бугун телевидение орқали берилаётган баъзи клипларни оила, фарзандлар даврасида томоша қилиб бўлмай қолди. Ҳар бир ҳаракатида ғарбга тақлид сезилиб турадиган, очиқ-сочиқ кийинган ёшларни кўриб, наҳотки шулар ҳам бизнинг фарзандларимиз, бизнинг миллатимиз вакиллари бўлса, деб ўйлаб қоласан киши”.
Президент нутқи давомида “Ўзбекистон халқ артистлари” клубини ташкил этиш таклифини билдирди.
“Албатта, бундай муаммолар санъатни муқаддас деб биладиган устоз ижодкорларимизни ҳам қийнаётгани табиий. Шундан келиб чиққан ҳолда, “Ўзбекконцерт” қошида “Ўзбекистон халқ артистлари” клубини ташкил этсак, нима дейсизлар?
Ушбу клуб аъзолари мунтазам йиғилишиб, юртимиз ва жаҳон санъат оламида юз бераётган ижодий жараёнларни муҳокама қилиб борса, юқорида тилга олинган камчилик ва муаммоларни ечиш, ёш истеъдодлар тарбияси, маданиятимизни равнақ топтириш бўйича янги ғоя, ташаббус ва таклифлар билдириб борса, ўйлайманки, фойдадан холи бўлмасди. Клубнинг энг фаол аъзолари бўлган Халқ артистларини йил якуни бўйича эътироф этиб, рағбатлантириб боришни ҳам йўлга қўйиш лозим”.
Шавкат Мирзиёев ҳаммасини жуда яхши билади. Ҳатто, аксарият хонандалар лицензия учун тўланадиган пулни битта тўйнинг ўзидан топа олишини ҳам. Бу мавзуда гапираркан, уларнинг солиқлардан озод қилинишларига яраша жавоб бўлмаётганига тўхталди.
“Сизларга маълумки, собиқ иттифоқ ҳудудидаги бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, фақат Ўзбекистонда эстрада ижодкорлари аҳолига маданий хизмат кўрсатишдан топадиган даромадлари бўйича солиқ тўлаш мажбуриятидан озод қилинган. Айтайлик, хонандаларимиз ўзининг гастроль-концерт фаолиятини амалга ошириш учун бир йилда бир марта белгиланган тартибда маълум миқдордаги маблағни тўлаб, лицензия олади. Бўлди. Бошқа солиқ йўқ. Аксарият қўшиқчилар мана шу лицензияга тўлайдиган пулини битта тўйда топиши ҳам сир эмас.
Шунинг учун баъзан молия ва солиқ идоралари томонидан эстрада хонандаларини, бошқа давлатлардаги каби, даромад солиғига тортиш бўйича таклифлар билдирилади. Лекин биз азбаройи санъатимиз, маданиятимиз ривожини, халқимизнинг маънавий савиясини юксалтиришни ўйлаб, бу таклифларга розилик бермай келаяпмиз.
Ҳаммангиз тушунасиз, саломга яраша алик ҳам бўлиши керак. Халқимиз санъаткорлардан яратилган ана шундай имконият ва имтиёзларга яраша жавоб кутишга ҳақли, албатта.
Шу муносабат билан бугун бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтишни зарур, деб ҳисоблайман.
Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз.
Кимда-ким бу соҳаларга фақат пул ишлаш, фақат иқтисодий фойда кўриш мақсадида кираётган бўлса, улар, марҳамат, тадбиркорлик, бизнес соҳасига борсин. Мана, бу борада қанча-қанча имконият ва имтиёзлар яратиб беряпмиз – шу соҳага ўтиб ишласин. Лекин ижодий ишларга аралашиб, ўзини ҳам, санъат деган муқаддас тушунчани ҳам беобрў қилмасин. Буни ҳеч ким ҳеч қачон унутишга ҳаққи йўқ”.