Қатор фаолият турлари учун Ҳукумат томонидан лицензиялаш тартиби бекор қилинди.
Киритилган қўшимчаларга мувофиқ лицензиялаш фаолияти билан шуғулланувчи органлар кенгайтирилди ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан лицензияланадиган бир қатор фаолият турлари бошқа органларга ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” каналида маълум қилинди.
Хусусан:
- портловчи ва заҳарли моддаларни, уларни қўллаган ҳолда материаллар ва маҳсулотларни, шунингдек портлатиш воситаларини яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш;
- ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан муомалада бўлиш соҳасидаги фаолият;
- қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш фаолиятини лицензиялаш – янги лицензияловчи орган “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси томонидан;
- нефть, газ ҳамда газ конденсатини қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва реализация қилиш;
- нефть маҳсулотларини (автобензин, авиабензин, экстрабензин, дизель ёнилғиси, авиакеросин, мазут, печка қорамойи, нефть битуми, шунингдек техник мой ва мойлаш материалларини) реализация қилиш, заводда идишларга қадоқланганлари бундан мустасно. (Нефть маҳсулотларини АЁҚШ ва мой алмаштириш пунктларида сотишдан ташқари);
- магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлашни лицензиялаш – янги лицензияловчи орган “Ўздавнефтгазинспекция” томонидан;
- пиротехника буюмларини (ҳарбий мақсаддаги маҳсулотлардан ташқари) яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш, улардан фойдаланиш, уларни йўқ қилиш ва утилизация қилишни лицензиялаш – эндиликда Ички ишлар вазирлиги томонидан;
- геодезия ва картография фаолиятини лицензиялаш – Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси ноширлик фаолиятини лицензиялаш – Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан амалга оширилиши белгиланди.
Туризм (туроператор) фаолиятини лицензиялаш эса Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари, Туризмни ривожлантириш департаментлари томонидан амалга оширилади. Илгари ушбу фаолиятни фақат Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси лицензиялаган.
Ветеринария фаолиятини лицензиялаш эндиликда нафақат Давлат ветеринария қўмитаси томонидан, балки Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ветеринария бошқармалари томонидан ҳам амалга оширилади.
Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш ваколати Давлат рақобат қўмитасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ўтказилди.