Ўзбекистон Президенти ноябрь ойида бўлиб ўтадиган Конференцияга Олий комиссарни таклиф қилди.
Учрашувда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, чинакам демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг қатъий тарафдори эканини айтиб ўтди.
Бундан ташқари, Давлат раҳбари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни қўллаб-қувватлаётгани учун БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарига миннатдорлик билдирди.
Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистон ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш ва мустаҳкамлашни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида 2017 йил май ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи амалий натижаларга эга бўлганини таъкидлади.
Ўзаро ҳамкорлик Олий комиссарнинг Бишкекдаги минтақавий офиси билан фаол ривожланаётгани айтиб ўтилди. Сентябрь ойи бошида ушбу офис раҳбари Ўзбекистонга ташриф буюрган. Жорий ой сўнггида БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А.Шаҳиднинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда.
Олий комиссарнинг ўзи эса Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан шу йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқандга ташриф буюришини мамнуният билан айтиб ўтди. У Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг долзарб муаммолари бўйича халқаро анжуманда иштирок этади.