...
МЕНЮ
ONLINE TV

Яссиоёқлик: сабаби, белгилари, махсус тест ва айрим тавсиялар


12:13, 30.09.2017 Саломатлик
 6 932

Ушбу касаллик билан оғриган кишиларда артроз, умуртқа қийшаши, бўғим касаллиги кучайиши мумкин.

Кишининг жисмоний жиҳатдан мавжуд бўлган айрим “нуқсонлари” болалигида билинмаслиги, аниқроғи ота-оналар томонидан чуқурроқ аҳамият берилмаслиги мумкин.
 
Айрим кишилар бу каби “камчиликлар”ни вақт ўтиши билан ўзи бартараф бўлиб кетишига ишонишади. Аммо...
 
Бироқ киши вояга етгандан сўнг ундаги камчиликлар турли жисмоний, ҳатто руҳий изтиробларга дуч қилади. Шундай муаммолардан бири — яссиоёқлик масаласи.
 
Яссиоёқлик — оёқ панжаси гумбазининг ялпайиб, текис бўлиб қолиши билан боғлиқ касаллик...
 
Уни халқ тилида “яссиоёқ” ёки “текистовон” деб ҳам аташади.
 
Оёқ таги бўйига ёки энига ясси бўлиши мумкин, гоҳо ҳар иккиси бирга учрайди. Агар оёқ энига ясси бўлса, унинг таги энига ялпаяди, оғирлик эса оёқнинг биринчи ва бешинчи бармоқларига тушмай бармоқтошга, кафт суякларининг бошчасига тушади.
 
Оёқ яссилиги туғма (жуда кам учрайди) ёки ҳаётда орттирилган бўлади. Асосан, оёқ панжаси мускул­бойлам аппаратининг заифлашиши (масалан, рахит касаллиги ёки ҳаддан ташқари зўриқиш) сабаб бўлади. Яссиоёқликда артроз, умуртқа қийшаши, бўғим касаллиги кучайиши мумкин.
 
Касаллик белгилари:
 
  • жисмоний зўриқишдан сўнг товон, оёқ панжалари оғриб қолади (касалликнинг илк босқичи);
 
  • кечга бориб оёқ панжалари ҳориб шишади;
 
  • оғриқ бутун оёқни, тиззагача бўлган бўғимларни ҳам қамраб олади (иккинчи босқич);
 
  • касалликнинг учини босқичида бел, оёқ, бош оғриғи бошлайди;
 
  • оёқ кафти, товон шишиб одатдагидан бир ўлчамдаги катта пойабзал олишга тўғри келади;
 
  • эски пойабзал пошнаси ички томонга едирилади.
 
 
Яссиоёқликка нима сабаб бўлиши мумкин?
 
  • кун бўйи тик оёқда туриб ишлаш;
 
  • ҳомиладорлик;
 
  • баланд пошнада юриш ёки пойабзални нотўғри танлаш;
 
  • ортиқча вазн;
 
  • оёқ панжаси суяклари толалари бойламининг туғма заифлиги.
 
Азиз мухлислар, келинг, яссиоёқликка оид муаммолар сизни безовта қиладими ёки йўқ, буни текшириб кўрамиз.
 
МАХСУС ТЕСТ:
 
Оёқнинг ясси ёки ясси эмаслигини текшириб кўриш учун бирор ёғли крем (тери учун хавфсиз) ва каттароқ бир варақ қоғоз керак бўлади.
 
Оёқ тагига крем сурканг ва қоғоз устида тик туринг. Сўнг қоғозда қолган оёқ изларига диққат билан қаранг.
 
Нормадаги оёқ товони билан кафти ўртасининг ярмидан кўп қисмининг изи тушмайди. Агар оёқ остида ўша “ўйиқ” жой бўлмаса ёки ярмидан кам қисмича бўлса, демак сиз яссиоёқсиз.
 
Яссиоёқлиларга маслаҳатлар:
 
1. Пойабзални тўғри танлаш. Пойабзал оёқни товон ва панжа томонда сиқмаслиги, пошнаси баланд бўлмаслиги лозим.
 
2. Массаж. Оёқ панжаларидан тортиб тизгага қадар олд, орқа томонларни силанг, сўнгра бош бармоқ ёки мушт билан босиб чиқинг. Оёқ таг қисмида ҳам шундай амалларни бажаринг.
 
3. Тетиклантирувчи ванна. Оёқни мойчечак, денгиз тузи ва игна барглар солиб тайёрланган илиқ сувда ушлаб туринг.
 
Гимнастика
 
Қуйидаги ҳолатларда 20–30 сониядан юринг:
 
  • а) оёқ учида, қўлни юқорига кўтарган ҳолда;
 
  • б) товонда, қўлни белга тираб;
 
  • в) оёқ тагининг ташқи гумбазларида, қўлни белга тирган ҳолатда;
 
  • г) оёқ панжаси, товоннинг ички гумбазларида, қўлни белга тираб.
 
Тик турган ҳолатда, таёқ ёки белга чамбарак кийиб қуйидаги машқларни бажаринг:
 
  • а) қўлларни олд ёки ён томонга узатган кўйи 6­8 марта ўтириб­туринг;
 
  • б) оёқ тагининг ички ва ташқи гумбазларида туриб танани чап­ўнг томонларга 6­8 марта буринг;
 
  • в) оёқ учларида 10 марта кўтарилинг;
 
  • г) “қайича” — қорин билан юз тубан ётиб, то чарчагунча бош, қўл ва оёқларни кўтариб туринг;
 
  • д) “бурчак” — чалқанча ётиб оёқларингизни 40 даража бурчак остида чарчагунча кўтариб туринг.
 
Ўтирган ҳолатда:
 
  • а) бармоқларингизни чарчоқ сезгунча букиб очинг;
 
  • б) оёқларни олдга узатиб бир неча бор полдан узмасдан очиб ёпинг;
 
  • в) оёқ панжалари билан қаламни ушлаб кўтаринг;
 
  • г) оёқнинг юза қисмида чарчоқ сезгунча кўтариб туринг.
 
Саломат бўлинг, азизлар!
Улуғ БЕК

Теглар:Яссиоёқлик Махсус тест Тавсиялар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!