...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мен диабет билан қандай курашиб келмоқдаман?


21:31, 14.11.2017 Саломатлик
 6 823

Дам олишдан сўнг яна ўша иш-ташвишлар бошланди. Довруғи чиққан шифокорларга кўриндим. Ҳаммасида битта гап: турмуш тарзингни ўзгартир!!! Спорт билан шуғуллан...

Бугун 14 ноябрь — Халқаро диабетга қарши кураш куни. Камина ушбу муносабат билан бошимдан ўтказган “кичик тарих”ни эсга олмасам бўлмас...
 
Мен учун “диабет”, “сахар”, “қанд касали” сўзлари болагимдан таниш десам ишонаверинг. Негаки, падаримнинг волидаси, раҳматли бувим ушбу касаллик билан оғрирди. Бундан 3 йилча олдин шу касалликдан 61 ёшида отам оламдан ўтдилар, яқинда 55 ёш юбилейини нишонлаш тараддудида бўлган амаким бу ёруғ дунёни тарк этди... Мен эса 2013 йилда падари бузрукворим билан Шимолий Кавказга, аниқроғи ишхонамдан берилган путёвка орқали санаторияга борганимда...
 
Келинг,  аввал мазкур касаллик ва унинг асоратлари ҳақида батафсил маълумотларга аниқлик киритиб олсак. Касаллик билан менинг бевосита “танишувим”, жоиз бўлса, ўз бошидан ўтказган киши сифатидаги айрим тавсияларимга кейинроқ тўхталсак...
 
Шундай қилиб, БМТ шафелигидаги мазкур сана диабет касаллиги кўпайиб бориш хавфига жавоб сифатида белгиланган. Одам танасининг эндокрин тизимидаги айрим “носозликлар” туфайли келиб чиқадиган ушбу касалликка илм-фаннинг ҳам, касалликка чалинган ҳар бир беморнинг ҳам ўз таъриф-таснифи бор. Хуллас, барчамиз “инсулин” деб аталмиш гормоннинг қондаги миқдори ўзгариши туфайли касаллик вужудга келишини, касалликнинг 2 та тури борлигини яхши биламиз. Бироқ бу касаллик билан айрим уй ҳавонлари, масалан: ит ва мушуклар ҳам касалланиши ҳақида ҳамма ҳам билавермаса керак...
 
Касалликнинг келиб чиқиш тарихи одамзод турмуш тарзининг маданийлашуви билан боғлиқ, десак бу ҳақдаги тахминларга хулоса ясаган бўлардик. Диабет, яъни “ҳукмдорлар касали”, “амалдорлар хасталиги” деб номланган касаллик Қадимги Юнонистон, Қадимги Рим, Қадимги Миср ва Месопотамия ёдгорликларида тилга олинган. Бундан икки минг йил муқаддам Қадимги Рим  Аретаус (эр. авв. II аср) ушбу касалликни “diabaino”, яъни юнонча “тешикдан ўтаман” деб номлаган. Кўпчиликка маълумки, қанд касаллигининг дастлабки аломатларидан бири — бу тез-тез пешоб ажратиш ва қондирилгани сезилавермасада тез-тез сув ичиш. Демак, қадимги рим ҳакимлари-ю беморлари “танамдаги қувватим тешик орқали, танамга сингмай чиқиб кетмоқда” дея таърифлашган.
 
Кўхна дунё табиблари ҳам, ўрта асрлар ҳакимлари ҳам диабет касаллигига қарши ўзига хос даво усулларини “ихтиро” қилишган. “Ширин касаллик” Гален (129/131–200/217) ва Цельснинг (II аср) ёдномаларида, Ибн Синонинг (980–1037) тиббиётга оид асарларида  тилга олинган.
 
XVII асрга келиб Томас Виллис исмли шифокор касаллик билан оғриган беморларнинг сийдиги “ширинроқ” бўлишини пайқаганини қайд этган. Шу ва шунга ўхшаш қайдномалардан сўнг касалликка “қандли”, “ширали” деган таърифлар тиркаладиган бўлди.


 
Тиббиётдан эндокринология фани ажралиб чиқишига асос солган Клод Бернар замонига келиб касаллик ички секреция безлари билан боғлиқлиги қайд этила бошлади. XIX асрга келиб немис физиологи Пол Лангерганс томонидан инсулин гормонини ишлаб чиқарувчи махсус хужайралар ва уларнинг фаолияти тадқиқ этилди. 1921 йилга келиб канадалик шифокор-олим Фредерик Бантинг ва унинг шогирди Чарльз Бест томонидан биринчи марта инсулин гормони ажратиб олинди ва орадан бир йил ўтиб тадқиқотчилар Нобель мукофотига лойиқ деб топилди.
 
Шундай қилиб, қондаги қанд миқдорини тушурувчи биринчи таблеткалар 1956 йилда, инсулин гормонининг кимёвий таркиби 1960 йилда, ген инженерияси усулида одам инсулинини синтезлаш жараёни 1976 йилда “қўлга киритилди”.
 
Бугунги кеча-кундузда диабет касаллиги билан 422 миллион киши оғрийди. Касаллик оқибатидаги ўлимларнинг 80%и аҳолининг турмуш тарзи ўртача ва паст деб тоифаланадиган мамлакатларга тўғри келади.
 
Менинг шахсий хулосам эса қуйидагича: носоғлом турмуш тарзи — касалликнинг биринчи рақамли сабабчиси!
 
2003 йиллар...
Масъулиятли лавозимда ишлайман. Бир пиёла чой ичишга улгуриб-улгурмай эрта тонгги 7 гача ишхонамда бўламан. Соат 11 ларда қорин очиб кетганда нонушта қилинмагани, тушликда ҳам иш-топшириқлар кўп бўлишини билиб, пайт пойлаб ошхонага югураман. Оч қоринга ҳали яхши дам еб улгурмаган ош, салат, нон, чой!
 
Лаззатланиб таомланиш қаёқда, ортингдан ёв қувгандай телефоннинг жиринг-жирингларига қўшилиб ейилган, узр, ютилган ош ошқозонга тош бўлиб тушади!
 
Кейин яна иш-ташвиш...
Болаларга аталган теледастурлар ниҳоясига етган пайтда ишхонада чинакам иш бошланади! Кўп қаватли уйларнинг деразаларида чироқлар ўчиб, кўчадаги автомобиллар шовқини пасайиб қолганда, “омад” кетиб қолса, уйга шошамиз! Омад омадни “йўқлаб келса”, ресторан-кафе... Хуллас, бетартиб овқатланиш, чегараланмаган иш графиги, 6–8 соат оч юриш ва 2–3 маҳаллик таомнинг бир пайтда истеъмол қилиниши...


 
Шимолий Кавказнинг Кисловодск шаҳридаги “Ўзбекистон” санаторийсига 2 кишилик (эр-хотин назарда тутилиб) путёвка беришди. Ўртанча фарзандимиз ўша пайт чақалоқ эди, бир амаллаб Ўзбекистондаги санаторийларнинг бирида даволанаётган отамни узоқ сафарга кўндирдим.
 
Хуллас, Сочи шаҳрида отам иккаламиз глюкометр деб номланадиган тиббиёт жиҳозини сотиб олиш учун тиббий техника дўконига кирдик. Текшириб кўрмоқчи бўлиб, аввал мунтазам равишда инсулин оладиган дадамларнинг қонидаги қанд миқдорини текширдик. Натижа жуда юқори! Бўлиши мумкин эмас, дедик, жиҳоз нотўғри ишлаётганини исботламоқчи бўлиб, каминага ҳам игна санчдик... Натижа юқори! Қадоғи бузилган тиббий техникани сотиб олаётганимда ушбу касалликка чалинганимни илк бор сездим, санаторийга келишдан олдин кунига 5 литрдан зиёд сув ичиб юрган кунларимни ёдга олдим...
 
Дам олишдан сўнг яна ўша иш-ташвишлар бошланди. Довруғи чиққан шифокорларга кўриндим. Ҳаммасида битта гап: турмуш тарзингни ўзгартир!!! Спорт билан шуғуллан...
 
Таблеткалар ичдим, бироз вазн ташлашга уриндим. Бу орада отамнинг аҳволи оғирлашиб, қарийб ярим-бир йил даволатишга (аниқроғи, умрларини узайтиришга) ҳаракат қилиб югурдик. Отамнинг касалликдан вафот этишлари менинг дунёқарашимни ўзгартириб юборди! Аёлим, таъбир жоиз бўлса, қаттиқ режимга солди.
 
Мана, 2 йилдирки таблетка ҳам ичмайман, инсулин қабул қилишга эса бошиданоқ ўтмаган эдим...
 
Бир йил давомида лимон шарбати ва саримсоқ пиёзнинг ширасини (сувини) аралаштириб тайёрланадиган “қўлбола малҳам” ичдим. Занжабилни (имбирь) лимон шарбатига аралаштириб 6 ой мобайнида қабул қилдим. Эрта тонгда, 1 литрча қайнаб совутилган (илиқ) сув билан истеъмол қилинган “қўлбола малҳам”дан сўнг ўзим учун кашф қилган оддий жисмоний тарбия машқларини: ўтириб-туришни (“приседание”) 10 тадан 100 тагача, қўл-кўкрак қафаси машқларини (“отжимание”) 5 тадан 50 тагача кўтариб бордим...
 
Ҳозир Сочидан отамга деб сотиб олгану ўзимга насиб қилган глюкометрда кўрсаткич 5,8–6,5 атрофида, “шахсий шифокорим”, яъни аёлим шифокорлар тавсиясини доим “назорат” қилиб туради. Ана шу “назоратлар” туфайли қарийб 30–35 килограмм ортиқча вазндан халос бўлдим. Чойхона-ю турли баҳона-сабаб билан бориладиган “дам олиш” тадбирлари кескин камайтирилган! Бу менинг касаллик устидан “кичик ғалабам” бўлганини эшитган 3–4 нафар дўстларим ҳам бу касалликка камина каби курашиб келмоқдалар. Натижалар ёмонмас, кўз тегмасин!
 
Бугун 14 ноябрь — Халқаро диабетга қарши кураш куни. Камина ушбу муносабат билан бошимдан ўтказган “кичик тарих”ни эсга олдим...
 
Хўш, бу билан нима демоқчиман?
 
Ҳурматли замондош, бу дунёда ўлимдан бошқасининг илож-имкони бор! Касалликка чалиндингизми, қайғурманг! Даволанишни ҳаёт тарзингизни ўзгартиришдан бошланг! Спортга ошно бўлинг, тўғри овқатланинг, асабларни асранг...
 
Азизлар, тўғри, бировга “рецепт” ёзиб берадиган шифокор ҳам, мутахассис ҳам эмасман. Табиб эмас, бошидан ўтказган “табиб” сифатида ўз тавсияларим билан ўртоқлашишга қарор қилдим. Соғлиғингизни асранг! У ўз қўлларингизда!
 
Омон бўлинг!
Улуғ БЕК

Теглар:Саломатлик Диабет Касаллик тарихи Тавсиялар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Rassom
20:35 15.11.2017

Yaxshi maqola chiqibdi


Аноним
11:14 15.11.2017

Юкоридаги тавсияларни врач ёзганми яьни лимон шарбати чеснок соки?


Дадилбек
07:13 15.11.2017

Чумчуқ сўйса хам қассоб сўйсин! Агар бирор касалга чалинсангиз,шифокорга учранг,ўшанинг айтганини қилинг,тиббий билимлардан бехабар "бошдан ўтказган табиб"ларнинг эмас! Хар бир инсон организми хар-хил,кимгадир ёрдам берган усул бошка инсонни ўлдириши хам мумкин.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!