...
МЕНЮ
ONLINE TV

Янги метронинг айрим бекатлари қурилиши қачон якунланиши маълум қилинди


09:29, 06.04.2017 Жамият
 5 933

Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг 2-босқичини барпо этиш ишлари ҳам қизғин давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йилдаги Тошкент метрополитенининг Сергели йўналишини ҳамда Юнусобод йўлининг 2-босқичини қуриш тўғрисидаги қарорларига мувофиқ, бугунги кунда улкан ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур ҳужжатларга кўра, узунлиги 7,1 километр бўлган метронинг Сергели йўналиши 2017-2020 йиллар мобайнида қуриб фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
 
“Кўприк қурилиш трести” унитар корхонасининг юқори тажриба эга мутахассислари томонидан замонавий техникалар ёрдамида иш жараёнлари сифатли ва белгиланган режа асосида амалга оширилмоқда. Қурилиш объектига зарур бўлган темир-бетон ҳамда бошқа маҳсулотлар ўз вақтида етказиб бериляпти. Лойиҳага кўра, Тошкент метрополитенининг Сергели йўналиши 6 бекатдан иборат бўлиб, ундан 3 таси шу йилнинг ўзида битирилади. “Енгил метро” тизими ер устидан эстакадалар орқали ўтади. Шу боис 2017 йилнинг якунига қадар лойиҳанинг 2,5 километр эстакада қисмини барпо этиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 30 дан ортиқ таянч устуни оралиғида пойдевор қазиш ва бетонлаш ишлари якунланмоқда. Шунингдек, объектда 5000 куб метр тупроқ ва 2100 куб метрдан зиёд бетон олиш ишлари бажарилди, дейилади “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Ахборот хизмати хабарида.
 
Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг 2-босқичини барпо этиш ишлари ҳам қизғин давом этмоқда. Мазкур йўлнинг узунлиги 2,7 километр бўлиб, 2 та бекатдан иборат бўлади. Бугунги кунга қадар лойиҳа доирасида жами 135 минг куб метр тупроқ ишлари, 220 куб метр бетонлаш ишлари бажарилди. Ҳозирда мавжуд 2 та шахта ва туннелларда модернизация жараёни амалга ошириляпти.
 
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2001 йилнинг август ойида Тошкент шаҳрининг аҳолиси зич жойлашган мавзеларидан бири Юнусобод туманида узунлиги 7,6 километр бўлган метрополитеннинг 6 та бекатидан иборат йўлнинг биринчи босқичи ишга туширилган эди. Ҳозирги кунга келиб, Тошкент метрополитенида 3 та йўналишда 29 та станция мавжуд бўлиб, уларнинг узунлиги 39 километрга етган. Янги бунёд этилаётган Сергели ва Юнусобод йўналишидаги қурилиш ишлари тугатилиб, фойдаланишга топширилса, мавжуд станциялар сони 37 тага, метрополитеннинг умумий узунлиги эса 48,8 километрни ташкил этади. Бу эса пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларига жуда катта қулайликлар яратади.

Теглар:Метро Тошкент Сергели Юнусобод 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар