...
МЕНЮ
ONLINE TV

Яна “Камолот” уйлари муаммоси ёхуд кредитга уй олиш ташвишларининг адоғи борми?


13:59, 22.07.2017 Жамият
 5 214

Бироқ орадан шунча вақт ўтса-да, биз истаган Зангиота ёки Қибрай туманларида бирорта ҳам шу турдаги уй-жой қурилмади. Сабаби бизга қоронғу...

Ўйлаб қарасам, ўқиш, иш сабаб ота уйдан Тошкентга келганимга ўн бир йил бўлибди. Демак, шунча йилдан бери турли шароитларда, кимларнингдир уйида яшаб келяпман. Албатта, ижарада... Сабаби, пойтахтда уйим йўқ-да! Бироқ, ҳар қанча уринмай, ўтган даврда нечта жойга кўчганимни эслолмадим. Аслида кўнгилни хижил қиладиган кунларни эсламаганим ҳам маъқул...
 
Тўғри, ўтган давр бир йигит чин дилдан ишласа, меҳнат қилса, кичикроқ бўлса-да, бошпанага эга бўлиши учун етарли муддат. Аммо ўша ўн бир йилнинг бир йили репетитор, тўрт йили университетда ўқиш, икки йили ишга мослашиш ва бўйдоқлик даврига бўлинганда ҳисобимда тўрт йил қолди. Шу тўрт йилнинг охирги уч йилини оилам билан яхши орзу-умидларда ўз уйимга эга бўлиш илинжида ўтказяпман...
 
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрда тасдиқланган “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори оиламизга ана шундай умид ва қувонч олиб келди. Қарорда ижтимоий соҳада фаолият олиб бораётган ёш оилалар юз йил ишлаб ҳам ойлик маошидан орттириб, уй ололмаслиги инобатга олинган ҳамда уларни бошланғич тўлов бадалисиз 20 йиллик ипотека кредити эвазига уй-жой билан таъминлаш, бу шарафли вазифа эса собиқ “Камолот” ЁИҲ (айни пайтда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи) ташкилотига топширилган эди. Асосийси, қарорда белгиланган талабларга бизнинг оила тўлиқ мос келарди. Ахир касбимиз ижтимоий, яъни оилавий журналистмиз. Оилам — Гули Нигор Авазова Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, қолаверса, ҳар иккимиз ҳам касбимиз бўйича республика миқёсида ўтказилган қатор кўрик-танловларда махсус дипломлар билан тақдирланганмиз.
 
Хуллас, деярли уйли бўлдик, деган хаёлда бундан икки йил аввал “Камолот” уйларидан бирини олиш учун ташкилотнинг ўзимиз доимий рўйхатда турадиган Қибрай туман бўлими орқали ариза топширдик. Шундан сўнг кўп ўтмай, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгашининг қарорига асосан, Зангиота туманида қуриладиган уйлардан бирини олиш имкониятига эга бўлдик. Бироқ орадан шунча вақт ўтса-да, биз истаган Зангиота ёки Қибрай туманларида бирорта ҳам шу турдаги уй-жой қурилмади. Сабаби бизга қоронғу...
 
Ўтган даврда фақат умид қилмадик, тегишли идораларга мурожаат этдик, бироқ ҳаммаси фойдасиз бўлмоқда. Қисқаси, қачонки Қибрай ёки Зангиота туманларида “Камолот уйи” қурилса, навбат бўйича уй олишимиз “тушунтирилади”. Ваҳоланки, ушбу ҳудудларда биз каби уй қурилишини кутаётган ёшлар кўпчиликни ташкил қилади. Энг ёмони, уйлар қачон қурилиши ҳақида жавоб берадиган одам йўқ. Юқоридаги қарорда эса республикамизнинг ҳар бир ҳудудида камида иккитадан ана шундай уй қурилиши белгиланган эди.
 
“Камолот уйлари”дан бироз умидсизланиб турган пайтда Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори чиқди. Шундан сўнг яхши ният билан “Қишлоқ қурилиш банк”нинг Тошкент вилоят филиалидан омонат дафтарчаси очтирдик. Бироқ ушбу қарор ҳам бизни бир муддат қувонтиришдан нарига ўтмади. Чунки ўша арзон уйлардан, яъни тўрт сотих майдонда қад ростлайдиган тўрт хонали уйлардан бирини олиш умиди ҳам сўниб бормоқда. Тўққиз ойдан буён “Қишлоқ қурилиш инвест”нинг Тошкент вилояти филиалидан шартнома ололмай сарсонмиз. Деярли ҳар куни телефон қилдик, вақт топишимиз билан бордик, шунга қарамай, олдинига шартномалар тузиш ҳали бошланмагани, кейин эса тўсатдан шартномалар тугаганини айтишди. Битта шартнома олиб беришни илтимос қилиб, Тошкент вилоят ҳокимига кетма-кет уч бора мурожаат қилганимиздан сўнг Қибрай ва Зангиота туман ҳокимларидан “Бизда уйга шартнома бериш ваколати йўқ, доимий яшаш манзилидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилинг” мазмунда мужмал жавоблар олдик. Бўлди, шу билан масала ҳам, мурожаат ҳам ёпилди. Шундан кейин шартнома илинжида Президентимизнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилдик, натижада филиалдан уч нафар ходим келиб, менга уй олиш учун “ўта қимматли” тушунча бериб кетишди.
 
Уларнинг айтишларича, яқинда Зангиота туманида биз истаган 192 та уйнинг қурилиш ишлари бошланар эмиш, қизиғи, ўша уйлар учун бирорта ҳам шартнома қолмаган. Сабаби, ўша уйлардан 92 таси ҳарбийларга, бошқалари ҳам тегишли рўйхат бўйича тарқатилибди.
 
“Қишлоқ қурилиш инвест” вакилларидан кейинги, яъни 2018 йил учун қуриладиган уйлардан олиш имкониятим ҳақида сўрадим. Улардан бири “Ўзим ҳам уч йилдан бери уй ололмай ҳалакман, кейинги йил бу турдаги уйлар қурилиши тўхталиши ҳам мумкин”, деган жавобни берди ва бор умидимни ҳам барбод қилди. Аттанг...
 
Биз, ёшлар доимо эътибор марказида бўлган юртда яшаймиз. Ёшларга, хусусан, ёш оилаларга яратилаётган имкониятлар ҳақида кўп гапирамиз ҳамда ёзамиз. Яқинда ўтказилган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг қурултойида Президентимиз таъкидлаганидек, ёшларнинг муаммоларига келганда масъул раҳбарларнинг барчаси ҳам жон куйдирмайди.
 
Наҳотки, шу юртда яшаб, ишлаб, кредитга ҳам уй олиш шунчалик қийин бўлса?! Топаётган ойлик даромадларнинг келишидан олдин кетадиган жойи (ижарада яшаганлар билади) тайин бўлган биз каби уй-жойга муҳтож оилалар юртимизда кўп. Уларнинг орасида уйли бўлиш учун маблағ топармиканман, деб чет давлатларда сарсон-саргардон бўлиб юрганлари қанча?! Биз эса ҳукуматимизнинг ёшларга бераётган имкониятларидан фойдаланиб, имтиёзли уй олишимизга ишониб, кунлар, ойлар, йилларни ижара уйида ўтказмоқдамиз...
Сарвар Очилов,
журналист

Теглар:Камолот уйлари Кредит Ёш оила 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

KAMOLA ISMOILOVA
02:07 23.07.2017

Men ham siz kabi 2yildan beri Kamolot yoshlar ijtimoiy harakati uyini kutmoqdaman. Mana endi tashkilot yopildi, uy masalasi esa noma'lum. Doimgidek savollar Toshkent viloyati hokimiyatidan javobsiz qolmoqda.faqat kutish aytiladi, menimcha kutib umidimizni uzamiz. Men ham siz kabi uy kutmoqdaman. Lekin afsus....



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар