Жамшид Хўжаев 2017 йилнинг ноябрь ойи охирида Ташқи савдо вазири лавозимига ўтказилган эди.
Бу лавозимда энди шу кунгача Бухоро вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини-ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Меҳриддин Абдуллаев иш бошлади.
Меҳриддин Абдуллаев бунга қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қошидаги Республика йўл жамғармасининг ижрочи директори, унгача — 2012 йилдан — молия вазири ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.
Меҳриддин Абдуллаев (1969 йилда туғилган) — Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1993) ва Тошкент давлат юридик институти (2005) битирувчиси.
1993-1994 йилларда Марказий банкнинг Жондор туман (Бухоро вилояти) бўлими бош иқтисодчиси, 1994-1997 йилларда — “Пахта банк”нинг туман бўлими етакчиси, сўнгра бош мутахассиси, 1997-2003 йилларда — “Асака” банкининг Бухоро вилоят филиалида бошқарувчи ўринбосари ва бошқарувчи лавозимларида ишлаган.
2003-2006 йилларда Марказий банкнинг Бухоро вилоят бўйича бош бошқармаси бошлиғи, 2006-2010 йилларда — Ўзбекистон Миллий банки раисининг биринчи ўринбосари, 2010-2012 йилларда — Молия вазирлиги қошидаги бюджетдан ташқари Пенсия жамармаси ижрочи директори бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 28 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш муҳокамасига бағишланган йиғилишда бўлган қатор ўзгаришлар давомида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган Жамшид Абдуҳакимович Хўжаев Ташқи савдо вазири лавозимига ўтказилган эди.