“Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти Ҳиндистон ҳукумати ва халқини ҳам чуқур қайғуга солди”, дейди Хиндистон Ташқи ишлари вазири.
Мобашар Жавад Акбар 31 октябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар қилади Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Вазир, дастлаб, Ҳазрати Хизр мажмуасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Ислом Каримов қабрига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
“Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти Ҳиндистон ҳукумати ва халқини ҳам чуқур қайғуга солди. Чунки Ислом Каримов нафақат Ўзбекистон раҳбари, балки халқаро майдонда юксак нуфузга эга, тинчликпарвар, доно сиёсатчи эди. Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланишида Ислом Каримовнинг хизматлари жуда катта бўлди. Биз бу алоқаларни изчил давом эттиришга тайёрмиз”, дейди Мобашар Жавад Акбар.
Шунингдек, сафар чоғида ҳиндистонлик меҳмонлар Самарқанд шаҳрининг қарийб уч минг йиллик тарихидан сўзловчи “Афросиёб” музейидаги ноёб экспонат ва ашёлар, дунёга машҳур деворий суратларни қизиқиш билан томоша қилди. Шаҳар ўтмиши акс эттирилган ҳужжатли фильм уларда катта таассурот қолдирди.
Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш чоғида мазкур ёдгорликнинг яратилиш тарихи, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллик йилларида бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди.
Мирзо Улуғбек ёдгорлик мажмуи ва шаҳардаги бошқа тарихий обидалар, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ҳиндистонлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.