...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳайдовчилар диққатига! Мастликни текшириш янги низом бўйича амалга оширилади


12:57, 15.11.2018 Жамият
 12 901

Текширув ўтказишда ДЙҲХХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан чиқарилган ҳаво намунасини техник воситани қўллаш йўриқномасига асосан олади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси олий суди, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг “Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қўшма қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
 
Низомга кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича текширув Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда текширилган, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан сертификатланган транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан ҳавога чиқарилган этанол буғларини аниқловчи ва текширув натижаларини қоғозда акс эттирувчи махсус техник восита – алкотестер ёрдамида амалга оширилади.
 
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича тиббий текширув бевосита ДЙҲХХ ходимлари иштирокида туман ва шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими масъул ходимлари томонидан ўтказилади.
 
Қуйидагилар транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда эканлигини аниқлаш учун текширув ўтказишга асос бўлади:
 
  • ҳайдовчининг оғиз бўшлиғидан алкоголли ичимликнинг ҳиди келиши;
 
  • ҳайдовчи бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги (чайқалиб туриши);
 
  • ҳайдовчи нутқининг бузилганлиги;
 
  • ҳайдовчи қўл бармоқларининг қалтираши;
 
  • ҳайдовчи юз териси рангининг сезиларли ўзгарганлиги.
 
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш ДЙҲХХ ходими томонидан техник восита ёрдамида қоидабузарлик юз берган жойнинг ўзида амалга оширилади.
 
Текширув олдидан ДЙҲХХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчисини техник воситанинг ишлаш тартиби билан таништиради, зарур ҳолларда ҳайдовчининг талабига асосан техник воситага тегишли ҳужжатларни кўрсатади.
 
Текширув камида икки нафар холис иштирокида амалга оширилади, ДЙҲХХ ходими томонидан кузатув камераси (body camera)дан фойдаланган ҳолатда амалга ошириладиган текширувлар бундан мустасно.
 
Текширув жараёнида ДЙҲХХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчиси ва бошқа фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, уларга нисбатан хатти-ҳаракатлари тушунарли ва қонун талаблари асосида бўлиши, шунингдек санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиши лозим.
 
Текширув ўтказишда ДЙҲХХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан чиқарилган ҳаво намунасини техник воситани қўллаш йўриқномасига асосан олади.
 
Транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлари концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда ДЙҲХХ ходими ҳайдовчига нисбатан алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги факти юзасидан маъмурий баённома расмийлаштиради.
 
Транспорт воситаси ҳайдовчиси техник восита ёрдамида текширувдан ўтишдан бош тортган ёхуд унда техник восита орқали текширув натижаларига эътироз мавжуд бўлган ҳолларда ДЙҲХХ ходими транспорт воситасини бошқараётган шахснинг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун туман ва шаҳар соғлиқни сақлаш бўлимига олиб боради.
 
Транспорт воситаси ҳайдовчиси текширувдан ўтишдан бўйин товлаган тақдирда ДЙҲХХ ходими унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 136-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштиради.
 
Техник восита ёрдамида ўтказилган текширув натижаларига асосан, транспорт воситаси ҳайдовчиси алкоголли ичимлик таъсиридан маст ҳолатда эканлиги аниқланмаган, бироқ унинг гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлиги белгилари мавжуд бўлган тақдирда шахс тиббий текширувга олиб борилиши лозим.
 
Транспорт воситаси ҳайдовчисининг маст ҳолатда эканлиги техник восита ёрдамида ёки туман ва шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган текширув натижалари асосида тасдиқланган тақдирда ДЙҲХХ ходими томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилади.
 
Маъмурий баённомага текширув техник восита ёрдамида ўтказилган тақдирда текширув натижалари бўйича ушбу воситадан чоп этилган маълумот, туман ва шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими ходимлари томонидан тиббий текширув ўтказилганда эса тиббий хулоса илова қилинади.
 
Транспорт воситаси ҳайдовчисининг маст ҳолатда эканлиги техник восита ёрдамида ёки туман ва шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган текширув натижалари асосида тасдиқланган тақдирда ДЙҲХХ ходими томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилади.
 
Маъмурий баённомага текширув техник восита ёрдамида ўтказилган тақдирда текширув натижалари бўйича ушбу воситадан чоп этилган маълумот, туман ва шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими ходимлари томонидан тиббий текширув ўтказилганда эса тиббий хулоса илова қилинади.
 
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш учун тиббий текширув унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (фуқаролик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳарбий билети ва б.) асосида амалга оширилади.
 
Транспорт воситаси ҳайдовчисининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати мавжуд эмаслиги уни тиббий текширувдан ўтказмаслик учун асос бўлмайди.
 
Тиббий текширув транспорт воситаси ҳайдовчиси тўхтатилган (йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган) пайтдан бошлаб, узоғи билан бир соат ичида ўтказилиши лозим.
 
Тиббий текширув натижалари бўйича мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ икки нусхада баённома тузилади. Баённомада текширув санаси ва тартиб рақами алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича тиббий текширувдан ўтган шахслар ҳисобини юритиш дафтарининг тартиб рақамига мувофиқ ҳолда кўрсатилади.
 
Тиббий текширув ўтказаётган шифокор томонидан текширувдан ўтказилганлик тўғрисидаги баённомада текширилаётган шахснинг алоҳида белгилари ҳамда унинг шахсига доир маълумотлар унинг сўзларидан ёзиб олинганлиги қайд этилади. Тиббий текширув натижаси бўйича баённома текширилаётган шахсни олиб келган ДЙҲХХ ходимига фақат текширилувчининг шахси аниқланганидан сўнг берилади.
 
Баённоманинг барча бандлари ҳеч қандай қисқартириш ва бошқа ўзгартиришларсиз тўлдирилади. Баённома тиббий текширувни ўтказган шифокор томонидан имзоланади ва текширув ўтказилган тиббиёт муассасасининг муҳри билан тасдиқланади.
 
Текширилувчида хулосага нисбатан эътирозлар мавжуд бўлган ҳолларда у бошқа тиббиёт муассасасида қайта тиббий текширувдан ўтказилишини талаб қилишга ҳақли. Бунда қайта тиббий текширувдан ўтказиш мастлик аломатлари аниқланган ёки йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган вақтдан эътиборан икки соат ичида бошқа яқин масофада жойлашган тиббиёт муассасасида амалга оширилиши лозим.
 
Ўзбекистон Республикаси юрисдикциясида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлган шахсларни тиббий текширувдан ўтказиш зарурати юзага келган ҳолларда, фақатгина уларнинг розилиги билан мазкур Низомда назарда тутилган умумий асосларга кўра, текширувдан ўтказилади.

Теглар:Мастлик Ҳайдовчилар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар