...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳаммаси футбол учун ёхуд Эрондаги аёл мухлисалар ҳақида


15:40, 13.05.2018 Жамият
 3 572

Эрон мамлакатида аёлларнинг футбол ўйинларига киришларини тақиқловчи қонун 1979 йили кучга кирган.

Эронлик аёллар футбол ўйинини стадионда томоша қилиш йўлида мамлакатда мавжуд чекловни четлаб ўтишга ҳам тайёрлар. Ҳар ҳолда, яқинда бир неча аёл маҳаллий чемпионат ўйинига кириш илинжида эркакча кийиниб стадион томон ошиқди. Улар ҳаттоки, юзларига сохта соқол ёпиштиришгагача боришди. “InterFutbol” нашри қуйида шу воқеа тафсилотларига тўхталиш баробарида Эрон футболида аёллар иштирокида юз берган бошқа қизиқарли ҳолатларга ҳам назар солди.
 
Сохта соқол
Эронда аёлларнинг футбол ўйинлари вақти стадионга киришларини тақиқловчи қонун узоқ 1979 йили кучга кирган. Бунга қадар улар шунчаки, эркакча кийиниб олиб, мухлислар қаторидан жой олишга уринишарди. Яқинда эса аёллар бу масалада янги даражага чиқишди - юзларига жуда табиий кўринувчи соқол ёпиштиришни ўйлаб топишди. Оддий айтганда, деярли профессионал гримга қўл уришди. Шунинг баробарида эркаклар либосига бурканиб, миллий чемпионат ўйинига йўл олишди. Ўзига хос антиқа ишга журъат этган қизлардан бири - 24 ёшли Заҳро янги ҳийлани қуйидагича изоҳлади: “Ҳа, дугоналаримиз билан эркаклардек кўриниш учун кўп бора турли усулларни қўллаганмиз. Мисол учун, авваллари бошимизга “парик” (ясама соч турмаги) тортардик, тирноқларимизни унча ўстирмасдик. Кейин юзимизга соқол чизишни ўйлаб топдик, бироқ бундай грим икки кун оралиғида ювилиб кетарди”. Аёллар шунингдек, сохта соқол трюки ўйлаб топилгунча юзларини севимли клубларининг расмий ранглари билан бўяб, мухлислар оқими кучайган паллада стадионга кириб олишга уринишарди. Бироқ назоратчилар бундай ҳийлани кўп бора фош қилишган.
 
35 нафар аёл қамоққа...
Эронда аёллар барчасини пухта режалаштиришсада, ҳушёр полиция қонунбузарларни тез-тез ҳибсга олади. Дейлик, шу йилнинг март ойида мамлакат чемпионати доирасидаги “Истиқлол” - “Персеполис” ўйинидан олдин ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари нақ 35 нафар аёлни қўлга олди. Эътиборлиси, бу ўйинга ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳам ташриф буюрганди. Кейинроқ қонунга бўйсинмаганларни учрашувдан сўнг қўйиб юборишгани ҳақида хабар берилди. Полиция расмийлари эса оддий баёнот билан чиқишди: “Йўқ, бу аёлларни қамоққа эмас, тегишли жойга юбордик”. Инфантино ва Эрон спорт вазири иштирокида ташкиллаштирилган махсус матбуот анжуманида эса маҳаллий журналистлардан бири ФИФА раҳбарига мурожаат қилиб, унинг аёлларнинг стадионларга қўймаслик тақиқига қандай муносабатда эканлигини билишга уринди. Бироқ шу мазмундаги савол янграган палладаёқ телеканаллар дарҳол тўғридан-тўғри трансляцияни шунчаки, тўхтатди.
 
Аёллар ва эркаклар жамоалари ўйинидан кейинги жанжал
2009 йили Эрон футболининг етакчи клубларидан бири - “Истиқлол” раҳбариятининг ҳукуматдан алоҳида расмий узр сўрашига тўғри келди. Гап шундаки, теҳронликлар аёллар ва эркаклар жамоалари ўртасида ўйин ўтказишга рухсат беришганди. Табиийки, бунинг оқибатида мамлакатда катта можаро кўтарилди, клуб раҳбарлари эса бундай “номақбул” ўйинни ташкиллаштирган 3 нафар ходим ишдан бўшатилганини маълум қилишди. Гап шундаки, Эронда нафақат аёлларни стадионларга киришлари, балки икки жинс вакилларининг ўзаро беллашишлари ҳам қатъиян ман этилган. Маҳаллий қонунга зид ўша учрашувга келсак, унда эркаклар жамоаси 7:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Тўғри, “Истиқлол” спорт академияси раҳбари Алиризо Мансурян жамоаларнинг машғулоти бир вақтга тўғри келиб қолганини айтиб, ўзини оқлаганди: “Матбуотда берилган хабарлар асл воқеага мувофиқ эмас. Ишонтириб айтаманки, клубимиз маънавий қадриятларга мутлақо ҳурмат билан ёндашади”.
 
Аёллар термасида 8 нафар эркак
Энди акс ҳолат ҳақида - баъзи эркаклар айнан аёллар даврасида ўйнашга қарши эмаслар. Хусусан, 2015 йили Эрон аёллар терма жамоаси таркибида нақ 8 нафар асли эркак футболчи борлиги аниқланди. Улар ўз ўрнида, жинсни алмаштириш операциясига тайёргарлик кўришаётганини айтиб, вазиятдан чиқиб кетмоқчи бўлишди. Шундан сўнг мамлакат футболида жинсни аниқлаштириш бўйича мажбурий тест жорий этилди. Ўзларини “аёл” ўрнида кўрсатганларни эса футболдан четлаштиришди, бироқ вақтинча. Яъни жинсни алмаштириш операцияси якунлангач, уларнинг футболга қайтишларига рухсат берилиши таъкидланган эди.
 

Теглар:Эрон аёл мухлислар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар