Улар спортнинг айрим турларини мукаммал эгаллаган бўлиб, унча-мунча эркакка дарс беришлари мумкин.
Керсти чинакам спортчи аёл. У болалигида дзюдо билан жиддий шуғулланган, мактабдан кейин эса югуришни канда қилмаган. 2008 йили Эстониянинг бўлғуси президенти Люксембург марафонида қатнашди ва 42 километр масофани 3 соат 55 дақиқа 56 сонияда босиб ўтди. Кейинроқ эса бу натижасини бироз яхшилади: 3:52:53. Айтиш керакки, тўрт фарзанднинг онаси бўлмиш Кальюлайд хоним спорт машғулотларини кундалик ишлари рўйхатига киритган. У ҳафтасига 30 километр югуриши керак. Кальюлайд хонимнинг айтишича, спорт билан шуғулланиш унга жисмоний ва ақлий фаолиятининг фаол бўлишига ёрдам беради.
Меркель хоним – футбол бўйича Германия терма жамоасининг ашаддий мухлисаси. У саккиз йил давомида трибуналардан туриб, севимли жамоасини қўллаб-қувватлади. Ўтган вақт давомида немис футболчилари кетма-кет муваффақиятларга эришиб келмоқда. Улардан фақатгина бир марта омад юз ўгирди: 2010 йилги жаҳон чемпионатида испанларга имконият бой берилди. Шунингдек, Германия канцлери чанғи спортини яхши кўради. Ҳатто 2013 йилнинг охирида Швейцарияда чанғи учаман деб жароҳат олган ва шу кўйи уч ҳафта Рейхстагда кўринмаган эди.
Довруғи достон модельерлар тиккан либослар Мэй хонимнинг эгнида ярашиб туриши бежиз эмас: Британия бош вазири қад-қоматига эътибор қиладиган аёллар тоифасидан. Тереза Мэй ҳар куни жисмоний машғулотларни бажаради, вақт топди дегунча, турмуш ўртоғи ҳамроҳлигида скандинавча юриш билан шуғулланади. Унинг фикрича, бу универсал спорт тури бўлиб, танадаги барча мушаклар гуруҳларига бирдек таъсир кўрсатади.
Моделликда ном чиқарган аёлнинг қомати қандай бўлиши ҳам мумкин?... Бир пайтлар Мелания хонимнинг расми Sport Illustrated журнали муқовасини безаган эди. Айтишларича, журнал таҳририяти муқова учун фақатгина қоматини спорт ёрдамида янада гўзаллаштирган қизларни танлар экан. Мелания Трамп яна бир қатор машҳур журналларнинг муқоваси учун расмга тушиб берган. У югуриш ва тоғ чанғиси билан шуғулланади.
Сульберг хоним шунчаки футбол ишқибози эмас, яхшигина ўйинчи ҳамдир. Бундан ташқари, у чанғи ва конькида учишни яхши кўради. Афсуски, спортда аъло натижаларга эришишига телефон ўйинларига муккасидан кетгани халал бермоқда: Норвегия бош вазири Pokemon Go ўйинининг ашаддий мухлисиса ҳисобланади. У парламентда ҳам, расмий учрашувларда ҳам покемон овлаб қолиши мумкин. Бир неча йил аввал Словенияга ташрифи чоғида Эрна Сульбергнинг телефонда ўйин ўйнаётганини фотожурналистлар кўриб қолганди.
Софи Грегуарнинг эътироф этишича, чиройли қоматга эга бўлиш ва мода журналларидаги моделларга ўхшашликка интилик унга қимматга тушган: булимия касаллигига чалиниб қолган. У йога ёрдамида касалликдан халос бўлди. Эндиликда Софи Грегуарнинг йога мураббийи сертифати бор, у булимияга қарши курашувчи ташкилотларга фаол ёрдам беради.