Тошкентда фаолият юритувчи МЧЖ номига Хитойдан олиб келинган икки контейнер полипропилен божхона назоратидан ўтказилди.
Мазкур корхона томонидан тақдим этилган ҳужжатларга кўра контейнерларда пластик маҳсулотлар ишлаб чиқаришда кўлланиладиган 40 тонна полипропилен бўлиши лозим эди. Аммо кўрик жараёнида мазкур товар ўрнига ҳужжатларда кўрсатилмаган, сиртдан полипропиленга ўхшаб кетадиган, қиймати 351 млн сўмлик, 35 тоннадан ортиқ бўлган натрий хлорид, яъни содда қилиб айтганда туз ортилгани аниқланди.
Ҳужжатларга кўра, 40 тонна полипропилен учун 40 миллион сўм атрофида божхона тўловлари ҳисобланарди. Аммо, контейнерларга юкланган натрий хлориднинг божхона тўловлари 177 миллион (агар ушбу товарга тегишли келиб чиқиш сертификати тақдим этилганда 129 миллион) сўмни ташкил этган бўларди. Бу усул билан эса қонунбузарлар 137 миллион сўм атрофидаги божхона тўловларидан бўйин товлаган.
Мазкур ҳолат бўйича божхона органлари томонидан мазкур корхонанинг раҳбарига нисбатан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.