Пиёдалар йўлагида жароҳатланган аёлга биринчи ёрдам кўрсатишга унинг эри тўсқинлик қилди...
Шаҳар кўчаларидаги тиқилинч пайтда аёл киши пиёдалар ўтиш қисмидан кўчани кесиб ўтмоқчи бўлади. Ҳаракат иштирокчилари йўл белгилари ва светофор чироқларига имкон қадар амал қилиб ҳаракатлаётган бир пайтда қаттиқ тормоз овози эшитилиб, йўл-транспорт ҳодисаси юз беради. Пиёдалар йўлакчасидаги аёл киши автотранспорт воситаси томонидан уриб юборилади.
ЙТҲ содир этган автомобиль ҳам оддий эмас, у “тез тиббий ёрдам” машинаси эди. Ушбу ҳодиса юз берганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва яна бир “тез ёрдам” жамоаси воқеа жойига етиб келади.
Жабрланган аёлга шу ернинг ўзидаёқ биринчи ёрдам кўрсатилган, бироқ воқеа жойида аёлнинг (тахминимизча) турмуш ўртоғи пайдо бўлади ва у шифокорларнинг ишига тўсқинлик қила бошлайди.
Эркакнинг ҳаракатларидан унинг воқеа таъсиридан чуқур ҳаяжон ва жаҳлда эканлигини пайқаш қийин эмас. Автомобиль уриб юборган аёлга воқеа жойида, яъни барчанинг кўз ўнгида биринчи тиббий ёрдам берилишига қаршилик кўрсатган ва у буни этик нуқтаи назардан қилган, дея тахмин қилиш мумкин.
Ижтимоий тармоқда тарқалган мазкур видеолавҳа ким томондан ва нима мақсадда суратга олингани маълум эмас.
Ушбу маълумотни тақдим этишдан мақсад — йўл-ҳаракат иштирокчиларининг огоҳлигини ошириш, уларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига амал қилишга чақиришдан иборат.
Эътибор берган бўлсангиз, юқорида ҳаракат иштирокчиларига нисбатан “имкон қадар” жумласини ишлатдик. Негаки, пойтахт кўчаларидан транспорт воситаларининг сони жуда кўп, йўловчилар ҳам кам эмас...
Ҳаракат иштирокчиларининг маълум тартиб-қоидаларга амал қилиши ёки қилмаслиги эса энг катта муаммо бўлиб қолаётгани эса ҳеч кимга сир эмас.
Огоҳ бўлинг, азиз йўл ҳаракати иштирокчилари!