Туробжон Жўраев ўз манфаатлари учун ҳокимиятда порахўрлик тизимини “кашф” этган.
Бироқ Туробжон Жўраевнинг қайси лавозимга тайинлангани ва нима сабабдан ишдан бўшатилгани ҳақида маълумотлар йўқ эди.
Бугун, 13 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 2017 йилнинг июнь ойидан бошлаб Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида ишлаган Туробжон Жўраев мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва жиноий ҳаракатларни амалга оширганлиги учун қамоқга олинган дея маълумот берди.
Собиқ ҳоким Туробжон Жўраев билан боғлиқ жиноят ишида Самарқад вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ўткир Абдуллаев, қурилиш бўйича мутахассис Баҳодир Хожақулов ва ҳокимнинг ёрдамчиси Ботир Хожақуловлар ҳам ҳибсга олинган.
Юқоридаги видеода айтилишича, ҳокимиятда кўп квартирали уйларни қуришга рухсат бериш ва тадбиркорларга турар жой объектлар қурилиши учун ер майдонларини ажратишни важ қилиб пора олиш ишлари сурункали амалга ошириб келинган.
“Ҳоким ўз манфаатлари учун ҳокимиятда порахўрлик тизимига асос солган. Бундан ташқари, у маҳаллийчиликка йўл қўйиб, таъмагирлик йўли билан пулларни ўзлаштирган”, дейилади кўрсатувда.
Ҳозирда мазкур иш юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда, айбланувчиларнинг барчаси ҳибсда сақланмоқда.